Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё–Россия” саммитида қандай ташаббусларни илгари сурди?

Сақлаш
09:26 / 10.10.2025 100 0

Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё–Россия” форматидаги иккинчи саммитда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий барқарорликни биргаликда таъминлашга қаратилган 10 дан ортиқ ташаббусни илгари сурди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

 

Хусусан:

 

– биргаликда қабул қилинган қарор ва лойиҳалар ижросини тезлаштириш учун ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш таъсис этишни;

 

– товар айирбошлашни кўпайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш жараёнларини енгиллаштириш мақсадида “Марказий Осиё–Россия агроэкспресси” лойиҳасини ишга туширишни;

 

– автомобиль, темир йўл ва авиация алоқалари соҳасида миллий дастурларни уйғунлаштириш учун мамлакатларимиз Транспорт-логистика контурини ишлаб чиқиш ташаббусини;

 

– Бухоро шаҳрида илғор муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга қаратилган “Марказий Осиё–Россия” саноат инжиниринг хабини ташкил этишни;

 

– Тошкентда ўтказиладиган “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмали форумига минтақанинг асосий саноат ва инновация майдони мақомини беришни;

 

– атом энергетикаси йўналишида Минтақавий компетенциялар марказини Ўзбекистонда ташкил этиш, шунингдек, Москва давлат муҳандислик-физика институтининг Тошкент филиали негизида Кадрлар тайёрлаш дастурини қабул қилишни;

 

– “Марказий Осиё ва Россия энергетик шериклиги” комплекс дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, углеводородларни қидириш ва қайта ишлаш, энергия тежовчи ва “яшил” технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни;

 

– Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича Минтақавий эксперт кенгашини ташкил этиш, шунингдек, мамлакатларда “Сколково” инновация маркази филиалларини очишни;

 

– “Келажак муҳандислари” консорциумини тузиб, Марказий Осиё ва Россиянинг етакчи олийгоҳлари ва илмий марказлари салоҳиятини бирлаштириш ҳамда ёш тадқиқотчилар ва олимлар учун Махсус грантлар дастурини таъсис этишни;

 

– ҳар йили ўтказиладиган Марказий Осиё ва Россия халқлари маданияти, санъати ва ижодиёти фестивали — Этномаданият форумини ташкил этишни;

 

– терроризм, экстремизм, кибертаҳдидлар ва одам савдосига қарши курашиш бўйича биргаликда чоралар кўриш муҳимлигини қайд этди ҳамда Афғонистон бўйича юқори даражадаги маслаҳатлашувлар ўтказишни таклиф қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//