
Сиёсат
Самарқанддаги хорижий корхона олдин олинган лицензия шартлари ва амалдаги қонун талабларини бузган ҳолда қарийб 51 куб метр тупроқни ноқонуний равишда қазиб олган ва табиатга 7 миллиард 374 миллион зарар етказган. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Вазирлик ҳузуридаги Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан Самарқанд вилояти Булунғур туманида жойлашган «С.И.» хорижий корхонаси фаолияти юзасидан текширув ўтказилган.
Унда аниқланишича, 2024 йил 25 ноябрда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» ДМнинг 2024 йил 23 октябрдаги 44-сонли қарорига асосан Самарқанд вилояти Булунғур тумани марказидан 7,7 км шимолий-ғарбда жойлашган 11,3 гектар майдондаги лёссимон жинсдан иборат бўлган «Жомбой 3» участкасида геологик қидирув ишларини ўтказиш учун электрон онлайн аукцион ўтказилган.
Аукционда «С.И.» хорижий корхонаси ғолиб деб топилиб, 2024 йил 27 ноябрда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан геологик қидирув ишларини ўтказиш учун рухсатнома берилган. Бироқ корхона қазиб олиш учун тегишли тартибдаги рухсатномани расмийлаштирмаган ҳамда геологик ўрганиш мақсадида берилган рухсатнома ҳамда аукцион шартларида кўрсатилган талабларга риоя қилмаган ҳолда норуда қазилмаларни ноқонуний қазиш ишларини амалга оширган.
Ўлчов ишлари амалга оширилганда хорижий корхона томонидан 50 859,25 м3 тупроқ (лёссимон жинслар) ноқонуний қазиб олинганлиги аниқланди. «Мазкур ҳолат натижасида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-48-моддалари ҳамда «Ер қаъри тўғрисида»ги қонуннинг 34-моддаси талаблари бузилган. Шунингдек, табиатга 7 миллиард 374 миллион 591 минг 250 сўм зарар етказилганлиги ҳисобланди»ʼ, дейилади вазирлик баёнотида.
Тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилган.
Шунингдек, вазирлик ҳамда Вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган текширувлар давомида Паст Дарғом ва Оқдарё туманларида табиат ресурсларини ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари аниқланди.
Маълумотларга кўра, учта ҳолатда фуқаролар томонидан қум-шағал аралашмаларини рухсатсиз қазиб олиш натижасида табиий обектларга 839 миллион 744 минг сўм зарар етказилган. Ҳолат бўйича барча ҳужжатлар вилоят прокуратурасига юборилган ва ноқонуний ишлатилган техник воситалар жарима майдончасига жойлаштирилган.
Экологик қонунбузарлик фақат бу билан чекланмаган. Тойлоқ туманида ўтказилган рейд тадбирлари чоғида Найман маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Дарғом каналидан икки нафар фуқаро – Самарқанд тумани Бадал маҳалласида яшовчи А.Э. ва Қўрғонча маҳалласида яшовчи С.А. қора қум аралашмасини ноқонуний равишда юк машинасига ортаётгани аниқланган.
Инспекторлар томонидан уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70¹-моддаси 1-қисмига асосан баённома расмийлаштирилиб, ҳар бирига 8 миллион 240 минг сўм миқдорида жарима қўлланган. Юк машинаси эса вақтинча жарима майдончасига олиб кетилган.
Илм-фан
Сиёсат
Сиёсат
Сиёсат
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ