Ўзбекистоннинг Монакодаги биринчи элчиси тайинланди

Сақлаш
11:41 / 09.10.2025 9 0

 

Ўзбекистоннинг Монако князлигига янги тайинланган биринчи фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган) Нодир Ғаниев 7 октябрь куни князь Алберт II’га ишонч ёрлиқларини топширди.

 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга содиқлиги билан танилган Монако князи Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергетика бўйича йирик лойиҳаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдириб, яшил иқтисодиётга ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларни ва 2030 йилгача қайта тикланадиган энергия манбаларидан электр энергиясининг 54 фоизини ишлаб чиқариш каби улкан мақсадни эътироф этди.

 

Шунингдек, Алберт II Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг боришини юқори баҳолади.

 

Монако князи Ўзбекистонни жорий йилнинг октябрь ноябрь ойларида Самарқанд шаҳри ЮНЕСКО бош конференциясининг 43-сессиясига мезбонлик қилиши билан табриклади. У мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлиги, ташқи сиёсий фаолиятининг ёрқин ифодаси эканини алоҳида таъкидлади.

 

Ўзбекистон элчиси, ўз навбатида, Ўзбекистон-Монако муносабатларини янада ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини билдирди.

 

Ўзбекистон ва Монако ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2013 йил 29 ноябрда ўрнатилган.

 

Нодир Ғаниев Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси этиб тайинланган ва 2024 йил центабр ойида президент Эммануэл Макронга ишонч ёрлиқларини топширган эди. Дипломат шу йилнинг май ойидан буён мамлакатнинг Португалиядаги элчиси лавозимида ҳам ишлаб келмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//