Тошкент вилоятида сиам эгизаклари мураккаб операция орқали ажратиб олинди

Сақлаш
09:44 / 09.10.2025 10 0

 

Тошкент вилоятидаги шифохонада cиам эгизаклари муддатидан аввал, ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида кесарча кесиш йўли билан дунёга келди. Улар туғуруқдан тўққиз соат ўтиб, шошилинч равишда ва маҳаллий шароитда ўта мураккаб амалиёт орқали ажратиб олинган.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мураккаб операция беш соат давом этганини маълум қилди. Хабарга кўра, операция Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги бир гуруҳ малакали мутахассислар томонидан амалга оширилган. Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров ушбу чақалоқлар ҳолидан хабар олган.

 

«Бундай ўта мураккаб амалиётлар ҳамма давлатларда ҳам амалга оширилавермайди. Ҳатто тиббиёти тараққий этган мамлакатларда ҳам узоқ муддатли таҳлиллар ва катта тайёргарликдан сўнг бажарилади. Чунки бу ўта ноёб операция. Мана шундай муддатидан аввал туғилган cиам эгизакларининг шошилинч равишда ҳамда вилоят даражасида муваффақиятли ажратиб олиниши мамлакатимиз тиббиёти янги босқичга кўтарилганининг ёрқин далилидир», деган вазир.

 

 

Сиам эгизакларини ажратиб олиш операциясида иштирок этган бир гуруҳ мутахассислар вазир вазир томонидан «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган.

 

Саломатлиги яхшиланган чақалоқлар ва уларнинг онасига шифохонадан уйига жавоб берилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//