
Сиёсат
Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни электротехника саноатини янада ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 9 ойида тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 16,3 фоизга ўсиб, 34 триллион сўмга етди. Экспорт 970 миллион долларни ташкил қилди.
Шу билан бирга, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш, мисни чуқур қайта ишлаш ва экспортни диверсификация қилиш долзарб вазифа экани ҳамда мис маҳсулотлари экспортининг атиги 60 фоизи юқори қўшилган қийматли товарлар улушига тўғри келгани маълум қилинди.
Тақдимотда чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, мисни харид қилишда чегирма, кредит фоизларининг 5 фоиздан юқори қисмини давлат томонидан қоплаш, солиқ ва божхона тўловлари бўйича енгилликлар бериш режалаштирилган.
Янги лойиҳалар ҳисобига мис ишлаб чиқариш ҳажми 250 минг тоннага, 2030-йилга бориб эса 500 минг тоннага етиши кутилмоқда.
Серверлар, саноат электроникаси, кондиционерлар, қуёш панеллари, назорат-ўлчов ва автоматика воситалари, смарт-карталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш каби қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар тўғрисида ахборот берилди. Умуман, бу йўналишда 2,1 миллиард долларлик 157 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, улар орқали 14,5 минг янги иш ўрни яратилади.
Тақдимотда ҳудудлардаги электротехника технопаркларининг фаолияти ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон стандартлар институти Халқаро электротехника комиссияси баҳолаш схемасига аъзо орган сифатида қабул қилинди. Бу мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сертификатларининг 53 давлатда тан олинишини таъминлайди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги европалик ҳамкорлар билан мувофиқликни баҳолаш тизимини йўлга қўймоқда. Бу орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга Евроиттифоқ талабларига мосликни тасдиқловчи “CE” белгиси берилади. Бу эса Европага экспорт ҳажмини камида икки баробар ошириш имконини яратади.
Давлат раҳбари режалаштирилган чора-тадбирлар ва лойиҳалар ижросини жадаллаштириш, экспортнинг ўсиш суръатларини сақлаб қолиб, янги бозорларга чиқиш бўйича аниқ топшириқлар берган.
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ