Фуқароларни розилигисиз тасвирга олишни тақиқловчи қонун қабул қилинди

Сақлаш
10:59 / 08.10.2025 12 0

Олий Мажлисда фуқароларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда маъқулланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 7-октябрь куни ўтказилган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган қонун лойиҳасига кўра, шахснинг тасвирини суратга олиш ва фойдаланиш учун мажбурий равишда розилигини олиш талаби жорий этилади.

 

Шунингдек, болалар ҳам ўз тасвири бўйича мустақил ҳуқуқ субъекти ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

 

Ҳужжатда, шунингдек, қайси ҳолларда шахснинг розилигисиз тасвирга олиш ва тасвирдан фойдаланиш мумкинлиги ҳамда видеокузатув амалга оширилаётганда шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш бўйича талаблар аниқ белгилаб берилган.

 

Қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишга тайёрланиши жараёнида турлича ёндашувларни олдини олиш ва қонун нормаларини аниқ ҳамда бир хил тарзда қўллашни таъминлаш мақсадида бир қатор ўзгартишлар киритилган. Хусусан, 16 ёшга тўлмаган болаларни тасвирга олиш ёки уларнинг тасвиридан фойдаланишда розилик уларнинг ота-онасидан бири ёки ота-она ўрнини босувчи шахс томонидан берилиши шарт экани белгиланди.

 

Шу билан бирга, жамоат жойларига видеокузатув тизимлари ўрнатилганда, бу ҳақда кўриниб турадиган ва осон тушунилган ҳолдаги огоҳлантирувчи белги жойлаштирилиши мажбурий ҳисобланади.

 

Бундан ташқари, видеокамераларни ўрнатиш тақиқланган жойлар ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган — масалан, кийим алмаштириш хоналари ва ҳожатхоналарда.

 

“Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигига бўлган конституциявий ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга, шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган”, деган депутатлар.

 

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//