
Илм-фан
7 октябрь куни Инновацион ривожланиш агентлигида “InnoWeek–2025” — инновацион ғоялар халқаро ҳафталиги олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Инновацион ривожланиш агентлигининг ахборот хизмати раҳбари Муқаддас Фаязова, Агентлик директорининг маслаҳатчилари Фазилат Қодирова ва Умиджон Шукуров 9-11 октябрь кунлари CAEx мажмуасида “InnoWeek–2025 — Чегарасиз ғоялар” шиори остида бўлиб ўтадиган навбатдаги инновацион кўргазма тадбирларида кутилаётган лойиҳалар ва уларнинг моҳияти ҳақида ахборот берди.
Қайд этилишича, 9 октябрь куни соат 10:00 да Халқаро кўргазмалар марказида “InnoWeek–2025 Инновацион ғоялар халқаро ҳафталигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари вакиллари, йирик илмий марказлар олимлари, технологик соҳа экспертлари, стартап экотизим иштирокчилари, ёш инноваторлар ва ихтирочилар қатнашиши режалаштирилган.
Фазилат Қодирова берган маълумотларга кўра, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу ҳафталик илк бор 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 апрелдаги “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни амалий жорий қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўтказилиб, йилдан йилга қамрови ортиб бормоқда.
15 минг кв/м дан ортиқ майдонда ташкил этиладиган ушбу кўргазмада йирик маҳаллий ва халқаро компаниялар, олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари, венчур фондлар, молия ташкилотлари, халқаро маълумотлар базаларининг 15 мингдан ортиқ вакиллари иштирок этиб, 400 га яқин инновацион лойиҳа ва стартаплар жой олади. Агентлик масъулининг таъкидлашича, ҳафталик доирасида авваллари фақат миллий маҳсулотлар тақдим қилинган бўлса, сўнги йилларда глобал даражадаги маҳсулотлар намойиши учун халқаро ҳамкорликлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий ҳафталикда Хитой, Корея, Япония, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Германия, Венгрия ва Қозоғистон каби давлатларнинг инновацион компаниялари ва технологик марказлари ҳам ўз илғор маҳсулот ва технологияларини тақдим этади.
“ИнноWэек–2025” нафақат технологик янгиликларни намойиш этиш, балки халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги ғояларни қўллаб-қувватлаш ва инновацион экотизимни ривожлантиришга хизмат қилувчи мулоқот майдонига айланади.
Хитой, Малайзия, Сингапур, Япония, Корея, Венгрия, Германия, Франция, Нидерландия, Швеция, Ҳиндистон, Эрон, Қувайт, Беларусь, Арманистон, Грузия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Того (Африка) каби дунёнинг 30 га яқин давлатларидан жами 130 нафардан ортиқ вакиллар ва элчилар иштирок этади. Эрон Ислом Республикасининг фан, технологиялар ва инновацион иқтисодиёт бўйича вице-президенти ўринбосари Тураж Амраэ бошчилигида ушбу мамлакатнинг 20 дан ортиқ компаниялари вакиллари, Германия тадқиқотлар, технологиялар ва космос бўйича федерал вазирлиги бошчилигида 15 га яқин олий таълим ва илмий-тадқиқот муассаса ҳамда компаниялари вакиллари ўз маҳсулотлари билан иштирок этади.
Бундан ташқари, Грузиянинг таълим, фан ва ёшлар вазири Гиви Миканадзе, Қирғизистон фан, олий таълим ва инновациялар вазири ўринбосари Айбек Чотоновларнинг ҳам ҳафталикка ташрифлари кутилмоқда.
Ҳафталик доирасида иштирокчилар учун илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги билим ва кўникмаларни ошириш, шунингдек, халқаро тажриба алмашиш имкониятини берувчи 30 дан ортиқ илмий-амалий тадбирлар ташкил этилиши кўзда тутилган. Хусусан, 18 та халқаро даражадаги форум, конференция ва семинарлар шунингдек, 11 та маҳаллий миқёсдаги мутахассислар учрашуви ва тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур тадбирлар инновацион экотизим вакиллари, олимлар, ёш тадқиқотчилар, стартапчилар ва соҳага қизиқувчилар учун долзарб мавзуларни муҳокама қилиш, энг сўнгги илмий янгиликлар билан танишиш ҳамда халқаро экспертлар билан бевосита мулоқотда бўлиш учун ноёб имконият яратади. “ИнноWэек–2025” нафақат инновацион маҳсулотлар кўргазмаси, балки келажак технологияларини шакллантиришга хизмат қилувчи мулоқот ва билим алмашинуви платформаси сифатида майдонга чиқмоқда.
“InnoWeek–2025” Инновацион ғоялар халқаро ҳафталиги доирасида анъанавий IV Ўзбекистон илм-фан форуми ташкил этилади. Мазкур форумда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, илмий жамоатчилик вакиллари – профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, ёш олимлар ва талаба-ёшлар иштирок этади. Форумнинг асосий мақсади — илмий-инновацион фаолиятни янада ривожлантириш, олий таълимдан кейинги таълим тизимини такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва стратегик режаларни муҳокама қилишдан иборат. Тадбир доирасида Олий таълимдан кейинги таълим фаолиятини мувофиқлаштириш, Илмий-тадқиқот ишларини халқаро ҳамкорлик асосида ривожлантириш йўллари, Олий таълим тизимида замонавий ва инновацион методларни жорий этиш, Ёшларнинг илм-фан соҳасидаги фаоллигини ошириш ва уларни рағбатлантириш механизмлари каби муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилади. IV Ўзбекистон илм-фан форуми бугунги кунда республикада шаклланаётган замонавий илмий экотизимни кучайтириш, ёшларни фан ва инновацияга кенг жалб этиш, ҳамда глобал илмий майдондаги иштирокини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим мулоқот майдонига айланади.
Бугунги глобал иқтисодий ўзгаришлар шароитида инновацион маҳсулот ва хизматларни бозорга олиб кириш, янги ихтиро ва ишланмаларни харидорларга тўғри етказиш муҳим масалалардан саналади. Бу борада илмий доира вакилларига, стартапчиларга, ёш олим ва ихтирочиларга инновацион маҳсулотларни тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларни истеъмолчиларга танитиш, халқаро бозорлар учун маркетинг стратегияларини ишлаб чиқиш юзасидан кўмак кўрсатиш мақсадида “Инновацияларда маркетинг” мавзусида конференция ташкил этилади. Унда Ўзбекистон маркетинг уюшмасининг тажрибали экспертлари иштирок этадилар. Панель сессия орқали маҳсулотларни самарали реклама қилиш ва бренд яратиш жараёнларига таъсир қиладиган асосий омиллар, инновацион маҳсулотларни бозорга олиб кириш жараёнларини такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш орқали маркетинг соҳасидаги янги имкониятларни муҳокама қилиш, шунингдек, инновацияларни янада самарали ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсад қилинган.
Ҳафталик доирасида ташкил этиладиган “Илмий коммуникациялар бўйича Халқаро конференция” ҳафталикнинг асосий тадбирларидан бири саналади. Мазкур тадбирда етакчи экспертлар, олимлар, давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, илмий асосланган инновацион экотизимни шакллантиришда илмий мулоқотнинг ҳал қилувчи аҳамиятини муҳокама қилади. Конференцияда Халқаро илм-фан кенгаши Президенти, Янги Зеландиялик таниқли олим Сир Петер Глюкман ҳам иштирок этади.
Шу тариқа, кўргазмаларда илгари сурилаётган ташаббуслар нафақат миллий инновацион экотизимни ривожлантиришга, балки глобал инновацион жараёнларга фаол интеграциялашувга ҳам хизмат қилиши кўзда тутилган.
Анжуман илм-фан ва технологиялар соҳасида мулоқотни самарали йўлга қўйиш ва бошқариш бўйича миллий ва халқаро тажрибаларни ўзаро алмашиш учун ноёб имконият яратиши таъкидланди. Муҳокамаларда илм-фан ва жамият ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, тадқиқот натижаларининг ишончлилигини ошириш, самарали илмий мулоқот амалиётини миллий инновацион тизимга интеграциялаш масалаларига ҳам алоҳида тўхтаб ўтилади.
Агентлик ахборот хизмати раҳбари Муқаддас Фаязова таъкидлашича, ҳафталик бўлиб ўтадиган саналарда CAEx мажмуасига бепул транспортлар ҳаракати йўлга қўйилади.
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ