7 октябрдан Шота Руставели кўчасида марказий автобус йўлаги ишга тушади

Сақлаш
10:20 / 07.10.2025 26 0

2025 йил 7-октабрдан бошлаб Шота Руставели кўчасида марказий автобус йўлаги фаолияти йўлга қўйилмоқда, деб хабар берди Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси.

 

Унга кўра, биринчи босқичда ушбу йўлак орқали 38-, 57- ва 58-сонли автобус йўналишлари ҳаракатланади.

 

Ушбу лойиҳа жамоат транспортига устуворлик бериш, тирбандликларни камайтириш ва йўловчилар учун қулай ҳамда хавфсиз шароит яратишни мақсад қилган.

 

Бошқарма хабарида ушбу ҳудудда ҳаракатланиш бўйича қисқа қўлланма келтирилади:

 

Йўловчилар учун:

 

— Автобуслар энди йўлнинг ўрта қисмидаги махсус ажратилган йўлак орқали ҳаракатланади.
— Йўловчилар автобусга чиқиш ва тушишни йўл ўртасида жойлашган махсус платформалардаги бекатларда амалга оширадилар.
— Платформага фақат белгиланган пиёдалар ўтиш жойлари орқали чиқинг, белгилнанмаган жойдан ўтиш қатъиян ман этилади.
— Автобусни фақат олд томонидан айланиб ўтинг. Йўловчилар йўлни фақат белгиланган пиёдалар ўтиш жойлари орқали кесиб ўтишлари мумкин.
— Платформада сариқ хавфсизлик чизиғи ортида туринг, автобус тўлиқ тўхтагачгина эшикка яқинлашинг.
— Аввал кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болали йўловчиларга йўл беринг.
— Бекат атрофида тўхтаб, суратга олиш ёки телефондан фойдаланишда эҳтиёт бўлинг — хавфсизликни унутманг.

 

Ҳайдовчилар учун:

 

— Шота Руставели кўчасининг ўрта йўлаги фақат автобуслар ҳаракати учун мўлжалланган.
— Бу йўлакда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши, тўхташи ёки йўлни кесиб ўтиши қатъиян тақиқланади.
— Марказий йўлакда автобусларга устуворлик берилади. Рухсат этилган кесишмаларда автобус ҳаракатига йўл беринг.
— Икки йўналишда ҳам чапга бурилиш ва ортга қайрилиб олиш тақиқланган.
— Чапга бурилиш ёки қайрилиш зарур бўлган ҳайдовчилар белгиланган чорраҳалар орқали ҳаракатланишлари лозим.

 

Хабарда шунингдек, барча йўл ҳаракати иштирокчиларидан ҳамкорлик, эҳтиёткорлик ва маданиятли ҳаракатланиш сўралган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//