Ўзбекистонлик параатлетлар Нью Деҳлидаги жаҳон чемпионатини 12 медаль билан якунлади

Сақлаш
10:13 / 07.10.2025 34 0

Ҳиндистоннинг Нью Деҳли шаҳрида параенгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати якунланди. Миллий паралимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 12 та медаль — бешта олтин, бешта кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритган.

 

Ушбу турнирда 109 давлатдан 1400 га яқин спортчи иштирок этди. 35 нафар спортчидан иборат миллий терма жамоа медаллар жамғармасида умумий ҳисобда 14-ўринни эгаллади.

 

Биринчи ўрин Бразилияга насиб этди (44), иккинчи — Хитой (52), учинчи — Эрон (16).

 

Аёллар ўртасида ядро улоқтириш бўйича (F46 тоифаси) 20 ёшли Каромат Омонова 13,07 метрга улоқтириб, олтин медални қўлга киритди ва Осиё рекордини ўрнатди. Холли Робинсон (Янги Зеландия, 12,86 м — Океания рекорди) кумуш, Кэти Пегг (Канада, 12,76 м) бронза медалига сазовор бўлди.

 

Жасур Хўжаев Ўзбекистон ҳисобига навбатдаги олтин медални тақдим этди. Ядро улоқтириш бўйича финал баҳсида (F32 тоифаси) у 9,96 м натижасини кўрсатиб, грециялик Атанасиос Константинидис (9,65 м) ва жазоирлик Муҳаммад Нажибни (9,56 м) ортда қолдирди.

 

Аёллар ўртасида узунликка сакрашда (Т12 тоифа) Ёқутхон Холбекова 5,54 м натижа билан олтин медални қўлга киритди. Лида Лоунела (Финляндия, 5,28 м) кумуш, Линда Ҳамри (Жазоир, 5,16 м) бронза медалига сазовор бўлди.

 

T12 классида 400 метрга югуриш бўйича финал баҳсларида қатнашган Фахриддин Хамраев 50,11 сония натижа билан иккинчи бўлди. Бироқ биринчи натижани қайд этган марокашлик Маҳди Афри мусобақа қоидаларини бузгани учун дисквалификация қилинди. Шу тариқа олтин медаль ўзбекистонликка насиб этди.

 

Йигирма тўққиз ёшли Темурбек Гиязов Т64 бўйича эркаклар ўртасидаги баландликка сакраш баҳсларида 2,03 метр масофа билан жаҳон чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди. Кумуш 2,00 метр натижа билан Жонатан Брум Эдвардсга (Буюк Британия), бронза медали эса 2,00 метр билан Правин Кумарга (Ҳиндистон) насиб этди.

 

F41 тоифасидаги аёллар ўртасида ядро улоқтириш баҳсларида Кубаро Ҳакимова 10,17 м натижа кўрсатиб, вице-чемпион (кумуш медаль соҳиби) бўлди.

 

Найза улоқтириш бўйича аёллар ўртасида (F46 тоифаси) 2024 йилги Париж Паралимпия ўйинлари медали совриндори 16 ёшли Шаҳина Йигиталиева кумуш медални қўлга киритди. У 41,97 м натижасини кўрсатди, бу унинг мавсумдаги энг яхши кўрсаткичи бўлди.

 

Эркаклар ўртасида найза улоқтириш бўйича (F57 тоифа) Ёрқинбек Одилов кумуш медални қўлга киритди. 25 ёшли спортчи шахсий рекордини янгилади (52,06 м) ва вице-чемпион бўлди.

 

Ядро улоқтиришда (эркаклар, F41 тоифаси) 24 ёшли Бобур Омонов 12,36 м натижа билан кумуш медални қўлга киритди.

 

Мадина Мухторова аёллар ўртасида F40 ядро улоқтириш баҳсларида 8,99 м масофа билан Осиё рекордини ўрнатди ва кумуш медални қўлга киритди.

 

Ядро улоқтиришда (эркаклар, F37 тоифаси) «Париж-2024» Паралимпия ўйинлари ғолиби ва совриндори Толиббой Йўлдошев 15,86 м натижа билан бронза медалини қўлга киритди.

 

Диск улоқтириш бўйича аёллар ўртасидаги F41 классида Наврўза Ахматова 28,83 м натижани қайд этиб, Осиё рекордини ўрнатди ва бронза медалини қўлга киритди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//