Сохта ДХХ ва Президент администрацияси ходими қўлга олинди

Сақлаш
10:03 / 07.10.2025 26 0

Пойтахтнинг Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчасида 33 ёшли эркак йўл қоидаларини бузиб, йўл патруль ходимлари томонидан тўхтатилганда ўзини Давлат хавфсизлик хизмати ходими сифатида таништирган. Унинг шахсига оид ҳужжатлар текширилганида ушбу органларга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

 

Унга кўра, ДХХ ва ИИББ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ЙПХ ходимлари томонидан фуқаро Жавоҳир Орифжонов бошқарувидаги Lacetti тўхтатилган. Ҳужжатларни текшириш жараёнида ҳайдовчи ўзини ДХХ ходими сифатида таништириб, йўл-патрул хизмати инспекторларига ДХХга тегишли бўлган гувоҳнома кўрсатган.

 

Орифжонов уни қўйиб юборишларини илтимос қилиб, гўёки юқори лавозимда ишловчи раҳбар танишига қўнғироқ қилган. Ушбу шахс ЙҲХ бошқармаси ходимига уни қўйиб юбориш бўйича кўрсатма берган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўзини шубҳали тута бошлаган шахснинг маълумотларини текшириб кўрган. Натижада фуқаро кўрсатган хизмат гувоҳномаси қалбакилиги, ДХХга умуман алоқаси йўқлиги маълум бўлган. Гумонланувчи шу жойнинг ўзида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

 

Суриштирувлар натижасида Жавоҳир Орифжоновнинг қатор бошқа ишлари ҳам ошкор бўлган. У одатда ўзини президент администрацияси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими сифатида таништирган. Бошқа идора ва вазирликларда ишлашини айтиб, сохта мансабдор шахс сифатида шахсий масалаларини ҳал қилиб келган. Бунда у олдиндан тайёрлаб олган сохта гувоҳномалардан фойдаланган.

 

Жавоҳир Орифжонов иши бўйича суд мажлисида Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ва 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга узил-кесил 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияларда ўташ белгиланган.

 

Хабарда шунингдек, Жавоҳир Орифжоновнинг жиноятларидан жабр кўрган фуқаролар яқин орадаги Ички ишлар органларига ёки 102 рақамига хабар беришлари сўралади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//