Марказий банк TBC, Davr ва Hamkorbankʼни 2,5 млрд сўм жаримага тортди

Сақлаш
17:26 / 03.10.2025 33 0

Марказий банк истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш чораларини кўрмоқда. Бу ҳақдарегулятор ахборот хизмати хабар берди.

 

Унга кўра, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига олиб келган қоидабузарликлар учун TBC банкига 615 млн сўм, Davr Bank'ка 931 млн сўм, Hamkorbank`ка эса 955 млн сўм миқдорида жарима чораси қўлланилган.

 

TBC банк ўз фаолиятида қуйидаги қоидабузарликларга йўл қўйган:

 

  • банк сайтида ахборот бериш ва истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми бўйича талабларни бажармаслик;
  • кредит шартномалари бўйича гаров мулкини гаров реестридан чиқариш ва гаров мулкларини тақиқдан чиқаришда қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириш;
  • қарз олувчиларни молиявий аҳволини таҳлил қилиши зарурлиги тўғрисида огоҳлантирмасдан онлайн микроқарзлар ажратиш, кредитни қоплаш учун келиб тушган маблағларни қарздорликни сўндиришга ўз вақтида йўналтирмаслик;
  • банкда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик.

 

Davr Bank фаолиятида:

 

  • банкнинг бир хизматини истеъмолчига қўшимча хизматдан фойдаланиш шарти билан кўрсатиш;
  • хорижий валютада ажратилган кредитлар бўйича кунлик фоизларни нотўғри ҳисоблаш (ундириш);
  • банк сайтида ахборот бериш ва истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми бўйича талабларни бажармаслик;
  • истеъмолчилар билан тузилган шартномаларга (банк ички қоидаларига) уларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўядиган бандларни киритиш ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларни киритилмаслик;
  • жисмоний шахслар билан тузилган кредит шартномаларида кредитнинг тўлиқ қийматини кўрсатмаслик;
  • банк иловаси орқали онлайн кредит ажратишда ушбу хизматнинг асосий истеъмол хусусиятлари ҳақида тўлиқ ва тўғри маълумот бермаслик;
  • кредит шартномалари бўйича гаров мулкини гаров реестридан чиқариш ва гаров мулкларини тақиқдан чиқаришда қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириш;
  • банкда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик.

 

Hamkorbank фаолиятида қуйидаги қоидабузарликлар аниқланган:

 

  • банк сайтида ахборот бериш ва истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми бўйича талабларни бажармаслик ҳамда шартномаларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларни киритилмаслик;
  • кредит ҳужжатларини кўриб чиқишда қонунчиликка амал қилмаслик ҳамда кредит ажратиш учун бир марталик комиссиялар ва гаров мулкини тақиққа қўйиш ва қўйилган тақиқни бекор қилиш учун хизмат ҳақи ундирилганлик;
  • кредит шартномалари бўйича гаров мулкини гаров реестридан чиқариш ва гаров мулкларини тақиқдан чиқаришда қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириш;
  • банкда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик.

 

Шу билан бирга, банкларга қоидабузарликларни бартараф этиш, истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан кўрсатмалар берилган.

 

Хусусан, TBC Bank 2,5 млрд сўмлик кредитлар бўйича ортиқча ҳисобланган фоизларни, шунингдек, қарздорликни ундириш тўғрисида суд қарорлари чиқарилгандан кейин ноқонуний ҳисобланган 1,7 млрд сўмни мижозлар фойдасига қайтариши керак. Davr Bank истеъмолчиларга валюта кредитлари бўйича ортиқча ҳисобланган фоизлар ва кредит суммасидан ноқонуний ушлаб қолишларни ҳисобга олган ҳолда 4 млрд сўмни қайтарди. Hamkorbank мижозларга кредит беришда ноқонуний ушлаб қолинган 19,2 млрд сўмни, шунингдек, гаров мулкини қўйиш ва олиб ташлаш учун 1,5 млрд сўмни, шунингдек, шартномаларда кўзда тутилмаган 54,9 млн сўмлик комиссияларни қайтариши кераклиги таъкидланган.

 

Марказий банкка банк тизими бўйича келиб тушган мурожаатларнинг 121 тасида келтирилган шикоятлар, шу жумладан, 68 таси бўйича 2,4 млрд сўмлик молиявий нафлар мурожаатчилар фойдасига ҳал этилди. Хусусан:

 

  • 20 та ҳолатда суд қароридан кейин ноқонуний ҳисобланган 1,5 млрд сўмлик фоиз ва пенялар бекор қилиниб, мижоз билан қайта ҳисоб-китоб қилиниши;
  • 26 та ҳолатда қарздорлик ҳисоби нотўғри ва асоссиз юритилиши оқибатида қарз олувчидан ортиқча ундирилган 635,8 млн сўмлик маблағлар қайтарилиши;
  • 22 та ҳолатда 307,5 млн сўмлик асоссиз ундирилган хизмат ҳақлари, тўловлар ва кредит маблағлари мижозлар фойдасига қайтарилиши таъминланди.

 

Регулятор бундан буён истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилган ҳолларда барча молиявий ташкилотларга нисбатан қатъий чора кўриб, бу ҳақда жамоатчиликка мунтазам маълумот бериб боришини таъкидлаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//