Ўзбекистонда эски автомобиллардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин

Сақлаш
15:18 / 03.10.2025 36 0

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганига 50 йил бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланиши мумкин. Бу борада ИИВ томонидан киритилган қарор лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Муҳокамалар 11 октябрга қадар давом этади.

 

Лойиҳа 2026 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш, уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади ҳамда улар давлат рўйхатидан чиқаришни («антиквар» автомототранспорт воситалари бундан мустасно) назарда тутади.

 

Шунингдек, очиқ конларда (карьерларда) ишловчи ўзиағдарувчи юк автомобиллари ҳам давлат рўйхатидан ўтказилади. Умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ бўлган «N3» ва «O4» тоифадаги юк ташувчи ва махсус транспорт воситалари ҳамда очиқ конларда (карьер) ишловчи ўзиағдарувчи юк автомобиллари ҳамда «антиквар» автомобиллар учун алоҳида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади.

 

Қарорда келтирилган қўшимча маълумотларга кўра, республикада 2025 йилга келиб транспорт воситалари сони 5,2 млн тадан ошган бўлиб, шундан 87,6 мингтаси ишлаб чиқарилганига 50 йил бўлган машиналар саналади. Бундай автотранспорт воситалари хавфсизлик талабларига жавоб бермайди ва экологик меъёрларга (Евро-4, Евро-5) мос эмас, 30 фоиз кўпроқ зарарли газ ажратади ҳамда маънан эскирган транспорт воситалари давлат рақам белгисини ноқонуний тақиб юриш (139 та ҳолат аниқланган) ҳолатларига сабаб бўлмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//