
Жаҳон
Янги тадқиқот хулосасида 18 ёшдан 39 ёшгача бўлган одамларда сўнгги ўн йил ичида диққатни жамлаш, эслаб қолиш ёки қарор қабул қилиш каби когнитив муаммолар сезиларли даражада ортгани айтилади.
Nature Neuroscience журналида эълон қилинган мақолада ёзилишича, америкалик олимлар 2013–2023 йиллар оралиғида телефон орқали сўровномаларда қатнашган 4,5 миллион кишининг маълумотларини таҳлил қилган. Маълум бўлишича, когнитив муаммоларни бошдан кечираётган респондентлар улуши 5,3 фоиздан 7,4 фоизгача ошган. Аммо 40 ёшгача бўлган катталарда бу кўрсаткич деярли икки баробарга юқори — 5,1 фоиздан 9,7 фоизга.
Шундан сўнг ўрта савол ташланган: Бунинг сабаби нима? Афсуски, саволга аниқ жавоб йўқ.
Олимлар бунга сабаб сифатида «АҚШ аҳолиси орасида когнитив қийинчиликларни идрок этиш ёки бошдан кечиришдаги ўзгаришлар» дея тахмин қилишган.
«40 ёшгача бўлган инсонларда мия фаолиятининг кескин ёмонлашиб бораётганига нималар сабаб бўлаётганини тушуниш учун кўпроқ изланишлар зарур, чунки бу ҳолат меҳнат унумдорлиги ва соғлиқни сақлаш тизимларига узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкин», дейди тадқиқотчилардан бири.
Таъкидланишича, тадқиқот Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг телефон сўровномаларидан олинган маълумотларга асосланган. Бунда, асосан «когнитив ногиронлик» ҳақида хабар берганлар, яъни хотира муаммолари, диққатни жамлаш қийинчиликлари ёки бошқарув функцияларида носозликларга дуч келган одамларнинг жавоблари таҳлил қилинган.
Статистик таҳлилдан сўнг тадқиқотчилар 40 ёшгача бўлганлар орасида когнитив муаммолар сезиларли ортганини аниқлашган. Шунингдек, йиллик даромади 35 минг доллардан кам бўлганлар орасида (8,8 фоиздан 12,6 фоизгача) ва ўрта мактабни тугатмаганлар орасида (11,1 фоиздан 14,3 фоизгача) катта сакрашлар қайд этилган. Йиллик даромади 75 минг доллардан юқори бўлган ва коллеж битирувчилари орасида эса ортиш нисбатан кичикроқ бўлган.
Сўровда кўпчилик оқ танли бўлса-да, барча ирқий гуруҳлар вакиллари ҳам йиллар давомида когнитив қобилиятнинг сусайишини хабар қилишган. Энг катта ўсиш эса тубжой америкаликлар орасида кузатилган — 7,5 фоиздан 11,2 фоизгача.
Қизиқ томони, худди шу тадқиқотда «энг катта хавф остида бўлиши мумкин» деб ўйланган — ёши 70 ва ундан катта кекса одамлар орасида когнитив муаммолар бироз камайган — 7,3 фоиздан 6,6 фоизгача.
«Хулосалар қизиқ, аммо аниқ бир ечим йўқ: одамлар ҳақиқатан ҳам кўпроқ когнитив муаммоларга дуч келишяптими, бундай муаммолар ўз-ўзидан келиб чиқяптими ёки бутунлай бошқа сабаблар борми?» дейилади мақолада.
Тадқиқот хулосаларидан келиб чиқаётган тахминлардан яна бири шуки, смартфонлардаги қарамлик алгоритмлари бизнинг диққатимизни емириб ташлаган бўлиши ҳам мумкин.
Бундан ташқари, мия фаолиятининг ёмонлашишига етишмовчилик ҳам сабаб бўлаётган бўлиши мумкин. Чунки яшаш оғир бўлса, яхши қарорлар қабул қилиш қийин бўлади.
Бу тушунтиришлар вазият янада оғирлашиши мумкинлигидан дарак беради. Бойлик тенгсизлиги чуқурлашиб, технологиялар кундалик ҳаётга янада чуқурроқ кириб борар экан, кўрсаткичлар янада ёмонлашиши мумкин. Ҳали олдинда сунъий интеллектга қарамлик ҳам турибди.
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ