Сентябрь ойида қайси маҳсулотлар қимматлашгани очиқланди

Сақлаш
12:19 / 02.10.2025 40 0

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг сентябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0.6 фоизга ошган.

 

Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) эса 108.0 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2024 йил сентябрь – 110.5 фоиз) нисбатан 2.5 фоиз бандга пасайган.

 

Ҳисоботда ёзилишича, ўтган ойда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0.9 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0.3 фоизга ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар 0.3 фоизга қимматлашгани кузатилган.

 

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан — помидор (16.9 фоиз), булғор қалампири (10.4 фоиз), сабзи (7.7 фоиз), тухум (6.5 фоиз), тарвуз (5.6 фоиз), қовун (5.5 фоиз), суяксиз мол гўшти (1.8 фоиз), суякли мол гўшти (1.7 фоиз), қўй гўшти (1.5 фоиз), парранда гўшти (товуқ болдиридан ташқари) (1.2 фоиз), товуқ болдири ва сон қисмлари (1.1 фоиз), ўсимлик ёғлари (0.6 фоиз), шакар (0.7 фоиз) нархларининг ошиши инфляцияга асосий таъсир кўрсатган.

 

Шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлардан — бензин (1.4 фоиз), цемент (2.9 фоиз) ва қимматбаҳо металлардан ясалган никоҳ узуклари (2.9 фоиз), хизматлар йўналишида — музейлар хизматлари (8.7 фоиз) ва ҳайдовчиликка тайёрлаш бўйича курслари (5,0 фоиз) нархлари қимматлашгани инфляцияга ошишида асосий омил бўлиб хизмат қилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//