Ўзбекистонда оилалар қанчалик бахтли?

Сақлаш
12:02 / 02.10.2025 39 0

«Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинди.

 

Тадқиқот республиканинг 14 та ҳудудида ўтказилган бўлиб, расмий статистика маълумотлари асосида ҳисобланган индекс мамлакат оилалари ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни, шу билан бирга, эътибор қаратиш лозим бўлган соҳаларни ҳам кўрсатиб берган.

 

Динамикага кўра, Ўзбекистонда умумий бахтлилик ошмоқда.

 

Бахтлилик индекси -1 дан +1 оралиғида ўлчанган бўлиб, Ўзбекистон бўйича умумий кўрсаткичда ижобий динамика кузатилган. Масалан, кўрсаткич 2023-йилда +0,56 балл бўлган бўлса, 2025-йилда +0,611 баллга етган.

 

«Демак, икки йил ичида оилаларнинг умумий бахтлилик индекси +0,051 баллга кўпайган. Бу ўсиш Ўзбекистон оилаларининг аксарияти ҳаётга кўтаринки руҳ ва келажакка ишонч билан қараётганини, қийинчиликларни шукроналик ҳисси билан енгиб ўтаётганини тасдиқлайди», дейилади тадқиқот хулосасида.

 

Бу йилги натижаларига кўра, Ўзбекистон оилаларининг бахтлилик индексида учта асосий индикатор етакчилик қилмоқда. Булар айнан ўзбек халқига хос маънавий қадриятлар билан боғлиқ:

▪️ Демографик барқарорлик — +0,833 балл;

▪️ Оилавий қадриятларнинг ўрни ва аҳамияти — +0,791 балл;

▪️ Оилавий ҳаётдан қониқиш ва бахтни ҳис қилиш — +0,734 балл.

 

«Ушбу натижалар фарзандларнинг борлиги, оиладаги самимий муносабатлар, ғамхўрлик ва миллий қадриятларга содиқлик оилавий бахтнинг асосий пойдевори бўлиб қолаётганини исботлайди», дейилади хулосада.

 

Тадқиқот натижалари асосий индикаторларда, яъни таълим олиш имкониятлари (+0,31), иш билан таъминланиш даражаси (+0,22), давлат органлари фаолиятидан қониқиш (+0,13), демографик барқарорлик (+0,01), оилавий ҳолатдан қониқиш (+0,07), оилавий қадриятлар (+0,07) кабиларда ўсишни кўрсатган.

 

Таҳлилда ёзилишича, Ўзбекистонда оила бахтининг асоси мустаҳкам қадриятлар ва самимий муносабатлар бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, бахт тушунчаси ҳаётдан қониқиш ҳисси, инсоннинг иқтисодий фаровонлиги ва меҳнат фаолиятидан қониқиш даражасига ҳам бевосита боғлиқ бўлиб бормоқда.

 

Тадқиқот якунида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳам ойдинлашган. Хусусан, хулосада ёш оилаларни уй билан таъминлаш, айниқса, хотин-қизларга таълим имтиёзлари бериш, тадбиркорлик фаолияти ва қўшимча даромад олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни давом эттириш ва кучайтириш зарурлиги таъкидланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//