Шавкат Мирзиёев БМТдаги нутқида қайси сўзларни энг кўп ишлатгани таҳлил қилинди

Сақлаш
15:42 / 26.09.2025 19 0

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Шавкат Мирзиёевнинг 23-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқини лингвистик таҳлил қилди.

 

Таҳлил натижаларига кўра, президент нутқида асосий ўринни “мақсад” сўзи (11 марта) эгаллаган бўлиб, стратегик йўналишларнинг устувор аҳамиятини акс эттиради. Шунингдек, мамлакат ва миллий манфаатлар масалаларига катта эътибор қаратилган – “давлат” сўзи 7 марта тилга олинган.

 

Муҳим акцентлардан бири глобал кун тартиби ва жаҳон чақириқлари бўлиб, “глобал” сўзи 8 марта ишлатилган. Бу миллий вазифаларни халқаро контекстга уйғунлаштиришга интилишни кўрсатади. Хусусан, Марказий Осиёнинг замонавий жараёнлардаги роли алоҳида таъкидланган. “Осиё” сўзи 7 марта, “Марказий” эса 6 марта ишлатилиб, нутқнинг минтақавий ўлчамини кўрсатади.

 

 

 

Келгуси ривожланиш нуқтаи назаридан эса “янги”, “Ўзбекистон”, “дунё” ва “ҳаракат” каби асосий атамалар ҳар бири 6 марта тилга олинган. Шу билан бирга, “таълим”, “транспорт”, “сиёсат” ва “шерик” сўзлари 5-мартадан, “платформа” ва “механизм” сўзлари эса 4-мартадан ишлатилиб, таклиф этилган ташаббусларнинг институционал хусусиятга эгалигини кўрсатади.

 

“Умуман, таҳлил президент нутқида минтақавий ҳамкорлик, глобал кун тартиби, минтақадаги интеграция, инфратузилмани ривожлантириш, таълим ва халқаро шериклик масалалари марказий ўринни эгаллаганини тасдиқлайди”, дейди таҳлил муаллифи.

 

Нутқда тез-тез қўлланадиган ифодалар ажралиб туради. Энг кўп учрайдиган сўз бирикмаси — “Марказий Осиё” (6 марта). Шундан кейин “доимий ривожланиш” (4 марта) тилга олинган.

 

Бундан ташқари, қуйидаги ифодалар ҳар бири 2 мартадан ишлатилган: “Осиё давлатлари”, “Янги Ўзбекистон”, “сунъий интеллект”, “соғлиқни сақлаш”, “хотин-қизлар”, “сув ресурслари”, “инфратузилма лойиҳалари”, “терроризмга қарши”, “гуманитар инқироз”.

 

Шу тариқа нутқда минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш масалалари билан бирга, инсон капитали учун муҳим йўналишлар — хотин-қизлар роли, соғлиқни сақлаш ва сув ресурсларига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, инновациялар, инфратузилма ва хавфсизлик масалалари модернизациянинг асосий йўналишлари сифатида қайд этилди.

 

Сўзларнинг мавзулар бўйича таҳлили, давлат раҳбари нутқида асосий урғуни Марказий Осиёда ҳамкорликка (18 фоиз) ва транспорт ва экологик масалаларга (18 фоиз) қаратганини кўрсатади.

 

Нутқнинг сезиларли қисми ёшлар ва маънавият мавзуларига ҳамда Янги Ўзбекистон ислоҳотларига бағишланган — ҳар бири 15 фоизни ташкил этган. БМТ ва глобал вазиятга оид масалалар 12 фоиз улушни, Афғонистон, Ғазо, Украинадаги хавфсизлик ва гуманитар муаммолар 10 фоизни ташкил қилган. Терроризмга қарши кураш, гендер сиёсати ва ижтимоий тенглик масалалари эса 6 фоиз улушга эга бўлган.

 

“Сўзларнинг йўналишлар бўйича тақсимлаш таҳлили шундан далолат берадики, нутқда асосий эътибор минтақавий интеграция ва ички ривожланиш масалаларига қаратилган. Марказий Осиёдаги ҳамкорлик ва транспорт-экологик ташаббусларга катта аҳамият берилиши минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш устувор йўналиш эканини кўрсатади”, дейилади таҳлилда. 

 

Шу билан бирга, нутқнинг салмоқли қисми ёшлар, маънавий қадриятлар ва Ўзбекистон ислоҳотларига бағишлангани ички модернизация векторини намоён қилади. Халқаро ва гуманитар масалалар, жумладан хавфсизлик ва гендер сиёсатини қамраб олиши эса миллий манфаатлар билан уйғун глобал стратегия шакллантирилганини англатади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//