
Жамият
Тошкент вилоятидаги давлат боғчаларида овқатдан заҳарланган 109 нафар бола касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда 25-сентябрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат вазирлик ва бошқа тегишли ташкилотлар назоратига олинган.
“Бугун мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, вазир ўринбосари Азизбек Турдиев мазкур ҳолатларни шахсан ўрганиш мақсадида Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Пискент ва Бўка туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида бўлди. Ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий ҳокимлик масъуллари билан ҳамкорликда боғчаларнинг айни вақтдаги ҳолати, ошхоналардаги мавжуд шароитлар кўздан кечирилди. Боғча раҳбарлари, тарбиячилар билан яқиндан мулоқот қилинди”, дейилади манбада.
Айни пайтда Қуйи Чирчиқ туманида 12 нафар, Оққўрғон туманида 97 нафар бола шифокорлар назоратида бўлиб, уларнинг саломатлиги барқарор экани билдирилган.
“Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда эҳтиёт чораси сифатида Пискент ва Бўка туманларидаги МТТ тарбияланувчилари навбати билан шифокорлар назоратидан ўтказилмоқда. Ҳозиргача болалар соғлиғига жиддий хавф соладиган ҳолатлар аниқланмади”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, ҳолат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан назоратга олингани ва тергов жараёнлари бошлангани қайд этилган.
Маълумот учун, жорий йил 24-сентябрь куни Пискент ва Бўка туманларидаги бир неча боғча тарбияланувчилари саломатлигидан шикоят билан шифохоналарга мурожаат қилинган.
Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикоинфекцияси ташхиси қўйилган. Зарурий муолажалар амалга оширилгани ҳамда шу куннинг ўзида аксарият болаларнинг соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб бериб юборилгани билдирилган. Оғир аҳволдаги беморлар аниқланмагани қайд этилган.
“Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб келинган 3,2 фоизли кефир Оққўрғон туманидаги сехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган”, дея маълум қилган вазирлик.
Тиббий ёрдамга мурожаат қилган беморлардан олинган таҳлиллар ҳамда истеъмол қилинган озиқ-овқатлар намуналари тегишли лабораторияларда текширувдан ўтказилган. Қайд этилган ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилиши хабар қилинган.
Шу билан бирга, Болалар омбудсмани воқеа бўйича муносабат билдириб, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатгани, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилаётганини хабар қилган.
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ