
Жамият
Марказий банк раҳбари Тимур Ишметов Ўзбекистонда кредитлар қимматлигининг асосий сабабларини санаб ўтди ва кредит фоиз ставкаларини маъмурий йўл билан пасайтириш имконияти йўқлигини, бу бозор шароитида шаклланишини ҳамда турли омиллар мавжудлигини қайд этди.
Унинг таъкидлашича, энг асосий сабаб инфляция ва инфляцион кутилмалардир. Биринчи навбатда бозорда пул нархини тушириш учун унинг қадрини таъминлаш зарур. Шунинг учун ҳам Марказий банкнинг асосий функцияси инфляцияни пасайтириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш орқали инфляцион таргетга эришишдан иборат. Айнан мана шу нарса кредит ва депозитлар ставкаларига таъсир қилади.
Фоиз ставкаларининг эркин шаклланишига тўсқинлик қилувчи яна бир омил — давлат дастурлари доирасида имтиёзли ставкалар асосида ажратиладиган директив кредитлашдир.
Ишметов маълум қилишича, имтиёзли кредитлар улуши қанча юқори бўлса, бу фоиз ставкаларининг шаклланишига таъсир қилади.
Марказий банк раиси, шунингдек, имтиёзли кредитлар муаммосини бир-икки йилда ҳал қилиш қийинлигини айтди. Чунки бу инфляцияни секинлаштиришни талаб қилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон иқтисодиётида депозитлар бўйича юқори реал фоиз ставкалари, яъни аҳолининг инфляцион кутилмалари ва депозитларнинг даромадлилиги ўртасидаги фарқ шаклланган.
«Бунда айрим банкларнинг бизнес моделлари таъсирини кўриш мумкин: улар аҳолига фақат битта товар — микроқарз шаклида кредит беришга ўтган. Микроқарзлар бошқа турдаги кредитларга нисбатан ўта хатарли бўлганлиги учун юқори фоизларда берилади», дейди Ишметов.
Унинг қўшимча қилишича, микроқарзлар ягона инструмент бўлгани ҳолда юқори фоизларда берилгани учун депозитларни ҳам юқори ставкаларда жалб қилиш имконияти бор. Бошқа банклар ҳам омонатлар бўйича ставкаларни оширишга мажбур бўлмоқда, акс ҳолда рақобатчилар барча омонатларни ўзига тортиб олади.
Регулятор раисининг сўзларига кўра, Марказий банк аҳолининг қарз юки муаммосига жиддий ёндашмоқда. Банкларнинг агрессив сиёсатини чеклаш учун регулятор тегишли меъёрларни кучайтирмоқда ва йил охиригача янги чора-тадбирларни эълон қилишни режалаштирмоқда.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ