2 та тумандаги боғчаларда болалар овқатдан заҳарланди

Сақлаш
10:08 / 25.09.2025 63 0

Фото: Kun.uz

 

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Пискент ва Бўка туманидаги боғчаларда болалар заҳарлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

 

Айтилишича, заҳарланган болалар кўплигидан Пискент касалхоналарига сиғмаган ва Нурафшон, Олмалиқ ва Бўка туманларига тарқатиб юборилган.

 

Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги вазиятни ўрганиб, дастлабки муносабатини билдирди.

 

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 24 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент ва Бўка туманларидаги бир неча мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари саломатлигида ўзгариш бўлганлиги сабабли тиббиёт бирлашмаларининг юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилинган.

 

Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга «Ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфекцияси» ташхиси қўйилиб, зарурий муолажалар амалга оширилган ҳамда шу куннинг ўзида аксарият болаларнинг соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб бериб юборилган. Оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаган.

 

Мазкур вазият дарҳол вазирлик томонидан назоратга олиниб, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда ўрганиш ишлари бошланган.

 

Тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган.

 

Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб келинган 3,2% ли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.

 

Ҳозирда тиббий ёрдамга мурожаат қилган беморлардан олинган таҳлиллар ҳамда истеъмол қилинган озиқ-овқатлар намуналари тегишли лабораторияларда текширувдан ўтказилмоқда. Қайд этилган ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом этяпти.

 

Вазирлик ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар берилишини маълум қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//