Президент АҚШда «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари билан учрашди

Сақлаш
09:34 / 25.09.2025 50 0

Шавкат Мирзиёев АҚШга амалий ташрифини якунлаш арафасида анъанага кўра, ушбу мамлакатда меҳнат ва истиқомат қилаётган ватандошлар, шунингдек, АҚШнинг нуфузли университетларида таҳсил олаётган «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари билан учрашди.

 

 

 

Норасмий муҳитда ўтган самимий суҳбат давомида Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар, хусусан, уларни фаол илгари суришда ватандошлар ва уларни бирлаштирувчи ташкилотларнинг иштироки муҳокама қилинган.

 

 

Учрашувда муваффақиятли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ватандошлар ва ёшлар ўртасида мулоқот майдонини яратишга қаратилган «Ватандошларнинг халқаро бизнес марафони»га ҳам старт берилган.

 

Иштирокчилар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий ва таълим алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётнинг устувор соҳаларига АҚШнинг илғор технологияларини жорий этиш, тиббиёт, транспорт ва логистика соҳаларида инновацияларни илгари суриш, мамлакатимизда маркетплейсларни ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирган.

 

 

Давлат раҳбари йиғилганларга Ватанимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдириб, айтилган барча таклиф ва ташаббуслар мамлакат вазирлик ва идоралари томонидан пухта ўрганиб чиқилиши, энг истиқболлилари эса амалиётга татбиқ этилишини таъкидлаган.

 

 

Президент АҚШда «Эл-юрт умиди» стипендиатлари сони 500 нафардан ошганига алоҳида эътибор қаратиб, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва тажрибасини она юртда қўллаш учун имконият яратиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигини урғулаган.

 

 

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев талабаларга ўқишда ва келгусидаги касбий фаолиятларида муваффақиятлар тилаб, Ўзбекистон ёшларнинг ташаббусларига доимо очиқлиги ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирган.

 

 

Учрашув иштирокчилари ҳам Ўзбекистон етакчисига хориждаги ватандошлар ва ёшларга кўрсатилаётган эътибор, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилаётган шароит ва имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, Ватан равнақига янада кўпроқ ҳисса қўшишга тайёрлигини айтишган.

 

 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига тарихий ташрифи якунланган. Давлат раҳбари Тошкент шаҳрига қайтиб келган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//