Ўзбекистон ва БМТ кенг кўламли шерикликни кенгайтиради

Сақлаш
09:44 / 24.09.2025 77 0

Шавкат Мирзиёев 23-сентябрь куни Ню Ёрк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.

 

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича миллий вазифаларни амалга ошириш доирасида БМТ билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон ва БМТ шериклигида мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани қайд этилди. 160 дан ортиқ дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Октябр ойида беш йилга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури имзоланиши кутилмоқда.

 

Кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолютсияси қабул қилинди. Ўзбекистон ЭКОСОС, Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита, Статистика комиссияси каби нуфузли тузилмаларга аъзо этиб сайланди.

 

Ўзбекистон ташаббуси билан 24-сентябрда БМТ бош қароргоҳида болалар саратони ва бошқа оғир касалликларга қарши курашиш бўйича юқори даражадаги форум бўлиб ўтади. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференциясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

 

Антониу Гутерриш Ўзбекистон президентининг Бош Ассамблеянинг юбилей сессиясидаги нутқига юксак баҳо бериб, унинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Янги Марказий Осиёни шакллантириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, ёшлар, маърифатпарвар ислом дини ва бошқа соҳаларда глобал ҳамкорликни илгари суриш борасидаги ташаббуслари муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

 

Суҳбат чоғида долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Учрашув якунида устувор йўналишларда кенг кўламли шерикликни ривожлантириш, ҳамкорликнинг янги дастур ва лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//