Тиббиёт соҳадаги коррупсиявий омилга аҳолининг ўзи айбдор – Тадқиқот

Сақлаш
12:27 / 14.07.2025 6 0

«Юксалиш» ҳаракати аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш соҳасидаги коррупсион омилларни ўрганди.

 

Жами 4 821 нафар респондент қатнашган сўровномада иштирокчиларнинг 1968 нафарини аҳоли вакили, 2853 нафарини эса тиббиёт муассаса ходими ташкил этган.

 

Аҳоли томонидан қатнашганларнинг 65 фоизи поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида тиббий хизматлардан фойдаланишда тиббиёт ходимига пул ёки совға (шифокор қабулига тезроқ кириш, яхшироқ муомала ёки маълумотнома (справка)/меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олиш мақсадларида) бермаганлигини билдирган. 15 фоиз респондент эса бепул тиббий хизматдан фойдаланишда тиббиёт ходимларига пул ёки совғалар берганлигини таъкидлаган. Шунингдек, 14 фоиз респондент бу каби ҳолатларни эслай олмаслигини, 6 фоизи эса ушбу саволни жавобсиз қолдиришини маълум қилган.

 

Коррупсиявий омилга йўл қўйган респондентларнинг 152 нафари бу ҳолатда ўзи ташаббускор бўлганини, 93 нафари эса тиббиёт ходимлари сўрагани ёки шаъма қилганини билдирган. Бундан ташқари, 49 нафар респондент ушбу ҳолат ҳар икки томоннинг ўзаро розилиги билан амалга оширилганлигини таъкидлаган.

 

Бундан ташқари, бирламчи тиббиёт муассасаларида юқоридаги каби норасмий муносабатларнинг (суюнчи, миннатдорлик, пора) қанчалик тарқалгани бўйича респондентлар муносабати ҳам ўрганилган. Унга кўра, респондентларнинг 39 фоизи оилавий поликлиника ва шифокорлик пунктларида бу каби ҳолатлар баъзан кузатилишини билдирган бўлса, 23 фоизи деярли учрамаслигини, 20 фоизи умуман учрамаслигини ва 17 фоизи жуда кенг тарқалганлигини урғулаган. Респондентларнинг 1 фоизи ушбу саволни жавобсиз қолдиришни маъқул деб топган.

 

Сўров натижаларига қаралса, 37 фоиз иштирокчи бепул тиббий хизмат учун миннатдорлик сифатидаги коррупциянинг энг кўп тарқалган кўриниши совға ёки пул бериш эканини, 26 фоиз респондент хизмат учун яширинча пул олиш кўринишида ва 5 фоизи бошқа кўринишларда кузатилиши ҳақида фикр билдирганини кўриш мумкин. Қолган иштирокчиларнинг 30 фоизи бўлса тизимда коррупция йўқлигини айтган. 2 фоиз респондент ушбу саволни жавобсиз қолдирган.

 

Бирламчи тиббиёт тизимида коррупциянинг бошқа турлари борлигини таъкидлаган иштирокчилар асосан туғуруқхоналарда суюнчи пули ва шу каби бошқа миннатдорчилик кўринишида, тиббиёт ходимлари томонидан беморларга ўзлари манфаатдор бўлган ва ҳамкорликда ишлайдиган фармацевтика компанияларининг дори воситаларига асосланган рецептлар тузиш кўринишида, операцияларни ўтказиш кўринишида учрашини маълум қилган.

 

Тадқиқотчилар томонидан иштирокчиларга (хабардорлигини баҳолаш мақсадида) бирламчи тиббиёт муассасаларида коррупсион ҳолатларга гувоҳ бўлганда қандай йўл тутиши юзасидан савол ҳам берилган.

 

Мазкур турдаги саволга 37 фоиз респондент «тиббиёт ходимлари томонидан ОП ва ОШПларда ноқонуний пул талаб қилиш ҳолатларига дуч келинганда тезлик билан тегишли идораларга хабар беришини», 34 фоиз қатнашчи «эҳтимол хабар беришини», 16 фоиз иштирокчи «бу саволга жавоб бера олмаслигини» ва 13 фоизи эса «ҳеч кимга хабар қилмаслигини» билдирган.

 

 

Сўровномада қатнашган тиббиёт ходимлари ҳам «Сизнингча, оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктларида (бирламчи тиббиёт) коррупция борми?» деган саволга турлича жавоб берган.

 

Жумладан, 56 фоиз респондент «йўқ» деб жавоб берган бўлса, уларнинг 29 фоизи «билмайман» деб, 12 фоизи эса «ҳа, бор» деб жавоб берган. 3 фоиз респондент ушбу саволни жавобсиз қолдиришни маъқул деб топган.

 

Якуний хулосага асосан, қуйидаги муаммолар аниқланган:

▪️ аҳоли орасида бепул тиббий хизмат учун миннатдорчилик сифатида пул ёки совға бериш каби норасмий тўловларнинг мавжудлиги;

 

▪️ ҳам аҳоли, ҳам тиббиёт ходимлари томонидан паст ойлик маошлар коррупциянинг асосий омили сифатида кўрсатилганлиги;

 

▪️ аҳоли орасида «шундай қилиш керак» деган тушунчанинг мавжудлиги норасмий муносабатларнинг сақланиб қолишига сабаб бўлаётганлиги;

 

▪️ ортиқча қоғозбозлик ва электрон тизимларнинг тўлиқ жорий этилмаганлиги тизимда коррупция учун имкониятлар яратаётганлиги;

 

▪️ коррупцияга қарши курашиш бўйича аҳоли ва тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмаганлиги;

 

▪️ коррупсион ҳолатларга гувоҳ бўлганда аҳолининг тегишли идораларга мурожаат қилишга иккиланиши.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//