Янгича қарашлардан тортиб, илк бор эълон қилинган эсдаликларгача – “Ўзбекистон тарихи” журналида нималарни ўқиймиз?

Сақлаш
11:23 / 07.07.2025 8 0

“Ўзбекистон тарихи” журналининг 2025 йил 1-сони нашрдан чиқди. Журналда тарих фанлари доктори, профессор Шопўлат Шайдуллаевнинг “Темурбекнинг “уч айланаси” ҳақида”ги мақоласи берилган бўлиб, унда муаллиф Амир Темурнинг давлат рамзи – байроғидаги белгилар бўйича мулоҳазаларини илмий жиҳатдан асослайди. Тарихий манбалар асосида ушбу белги фақат геосиёсий қудрат эмас, балки олам мувозанати, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, баркамоллик ва бирлик ғоясини ҳам ифодалашини кўрсатади. Шунингдек, уч айланани ер, осмон ва инсонни англатувчи асосий олам унсури сифатида фалсафа, астрономия ва геометрия фанлари нуқтаи назаридан ҳам талқин қилади.

 

Тарих институти директори, академик Азамат Зиёнинг “Турон цивилизациясидан Янги Ўзбекистонгача” мақоласида Турон цивилизациясининг кўпминг йиллик тараққиёт йўли асослаб берилган. Тарихчилик фанида илк марта жиддий равишда ўртага ташланаётган ушбу мавзу доирасида таҳлилий фикр юритган муаллиф қатор масала ва йўналишлар бўйича янги ва ўзига хос қарашлар, ёндашувлар ва хулосаларни илгари суради. Азамат Зиёга кўра Янги Ўзбекистон аслида Турон цивилизациясининг мантиқий давомидир.

 

Журналнинг “Ҳужжатлар тилга кирганда” рукнида тарих фанлари доктори Дилноза Жамолова томонидан Туркистон жадидчилик ҳаракатининг ёрқин вакили Вадуд Маҳмуднинг Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақидаги эсдаликлари илк марта эълон қилинмоқда. Беш дафтардан иборат ушбу хотиралар Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва фаолиятининг бизга номаълум бўлган айрим жиҳатларини аниқлаштириб беради. Шунингдек, Туркистонда кечган жараёнлар, жадидчиликнинг мазмун-моҳияти, Самарқанд ҳудудида босқинчиларга қарши қўрбошиларнинг қуролли курашлари ва бошқа масалалар ҳақида маълумот берилган.

 

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Одилжон Ҳамидов милоддан олдинги 6 – 4-юзйилликларда Турон тарихини тадқиқ қилиш манбалари ҳақида батафсил таҳлилий фикр юритади. Маълумки, бу давр тарихига бағишланган тадқиқотларда юнон ва рим тарихчилари Геродот, Ктесий, Полиэннинг маълумотлари ҳамда айрим археологик топилмалар асосидаги хулосалар устунлик қилади. Сиёсий тарихнинг баъзи жиҳатлари очиқланиб, иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт ҳақида деярли маълумот берилмайди. Муаллиф мавзу доирасидаги изланишлари асосида муаммони ўрганишда муҳим бўлган ёзма ва моддий манбаларни таҳлилга тортган. Ёзма манбаларга “Авесто”, қадимги форс тилидаги ёзувлар, элам тилидаги ҳужжатлар (жумладан, Персепол архивлари), аккад, оромий тилларидаги манбалар, юнон-рим тарихчилари асарлари ва муқаддас китоблар, моддий манбаларга археология ёдгорликлари, муҳрлар, ёзма ёдгорликлар (битиклар), тангалар, суғориш иншоотлари, меҳнат қуроллари, ҳарбий буюмлар, зебу зийнатлар, шахсий нарсалар, археоботаник ва зоологик топилмаларни киритиб, улар орқали Туроннинг энг эски тарихи бўйича холис фикр билдириш мумкинлигини таъкидлайди.

 

Институтнинг таянч докторанти Мавлуда Раҳмонованинг “Совет ҳокимиятининг мажбурий кўчириш сиёсати ва Ўзбекистон ССР” мақоласида советлар учун “шубҳали” саналган корейслар, поляклар, немислар, қалмиқлар, қорачойлар, булғорлар, чеченлар, ингушлар, турк-месхетилар, қрим татарлари ва бошқа миллатларнинг империянинг 49 та ҳудуди, жумладан, Ўзбекистон ССРга мажбурий бадарға қилиниши масалалари тарихий манбалар асосида очиб берилган. Муаллиф кўчирилганлар тақдирини кўрсатиб берар экан, совет ҳукуматининг “халқлар турмаси” бўлганини илмий асослаб беради.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//