Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон хотирланди

Сақлаш
15:23 / 08.01.2022 1438 0

Республика Маънавият ва маърифат маркази Олтиариқ туман бўлинмаси ташаббуси билан туман маданият бўлими, болалар мусиқа ва санъат мактаби, Эркин Воҳидов уй музейи маъмурияти, туман ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида 8 январь  Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон таваллуди муносабати билан "Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал" номли адабий кеча ташкил этилди.

 

Тадбирда ҳудудда фаолият олиб бораётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар, нуронийлар, маънавият фахрийлари ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.

 

 

Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази Олтиариқ туман бўлинмаси раҳбари Алишер Хонкелдиев очиб, Анвар Обиджоннинг баракали ижодий фаолияти ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Шундан сўнг, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Қиличбек Тожиев, хонандалар Алломжон Муниров, Саиджон Раҳимов, Элбек Мадалиев шоир шеърларига басталанган қўшиқлар  ижро этишди.

 

Олтиариқ маданият бўлими қошидаги драма тўгараги аъзолари "Олтиариқ ҳангомалари" асари асосида саҳна кўриниши ижро этдилар, 14-умумтаълим мактаби ўқувчилари эса шоир ижодидан ҳажвий шеърлар ўқишди.

 

 

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи ва журналист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Алишер Ибодинов, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, созгар Раҳмонали Нортожиев, олтиариқлик шоирлар Акрамжон Азизов, Эминжон Қулматов, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар Анвар Обиджон ва унинг ижоди ҳақида илиқ хотиралар ва таассуротларини гапириб, ўз ижод намуналаридан ўқиб эшиттирдилар.

 

Шунингдек, туман миқёсида "Йилнинг энг фаол тарғиботчиси" номинацияси бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмасининг ташаккурномалари топширилди.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//