
Жамият
Драматургияга кўпчилик бадиий ижод эмас, лойиҳа сифатида қарайди. Театр тарихининг антик даврига назар солсак, драматурглар ўзи асар ёзиб, ўзи саҳналаштирган. Ўша даврда ёзилган комедия, трагедияларнинг ҳозиргача театр саҳналарида қўйилаётганлари бор. Бунинг сири нимада? Хўш, драматург қанчалик бадиий ижодкор ва қай даражада лойиҳа муаллифи?
Драматургия – бу адабиётнинг гултожи, деган Белинский. Замона зайли билан ҳозир бу соҳани ҳам бизнес объектига айлантирган уддабуронлар йўқ эмас. Кимнинг оти чопағон бўлса, унга эргашиб кетадиганлар, чаламулла “даҳо”ларидан драматург қўғирчоқ ясаб, ижодни лойиҳага айлантириб, ҳам обрў, ҳам молиявий даромад топаётганлар ҳам талайгина. Буларнинг барини вақт баҳолаб беради албатта. Яратилган йилининг элагидан омон қолмаётган пьесаларни сўзимизга исбот ўлароқ кўрсатсак бўлар. Асарни инсценировка ёки адаптация қилишдаги ижодий ҳамкорлик бошқа мавзу. Лекин бир мезон бўлсаки, оригинал асар ва ижодий лойиҳалар ўртасидан чизиқ тортиб беролса.
Шу ўринда театрларимизнинг бугунги фаолиятига бир қур назар солсак. Улар ижтимоий об-ҳаво, томошабин эҳтиёжи, замон имкониятларидан келиб чиқиб спектакль саҳналаштиряптими?
Режиссёрлик ишини мақтаб бўлмаса-да, Ўзбек давлат драма театрида саҳналаштирилган “Ер барибир айланаверади” спектаклини эътироф этиш керак. Яна шу театрнинг “Садоқат” драмаси ҳам репертуар дурдоналаридан. Жорий йилда Алишер Навоий номидаги опера ва балет академик катта театрида қўйилган “Лазги” балетини алоҳида қайд қилиш даркор. Уни халқаро миқёсдаги театр санъатига қўйган катта қадамимиз деб баҳолаш мумкин.
Яқин йилларда мусиқали драма ва мусиқали комедия йўналишида ижод қилинмади, ҳисоби. Жанр ривожи раҳбарлар буйруғига қараб, режиссёрнинг талаби ўнинчи даражага тушиб қолаётгани аламли. Айрим театрлар репертуарида менталитетимизга зид, тинчлик ва қадриятларимизга рахна соладиган, бошқа давлат ғояларини ичкарига киритмоқчи бўлган асарлар сиёсий ҳушёрликка чорлаши керак. Баъзи театрларда эса яхши адабиёт намунаси, лекин саҳнада қўйиш ярамайдиган асарлар пайдо бўляпти. Бу ҳам ўйлаб кўришимиз зарур жиҳатлардан бири.
Ҳозирги ижодкорлар манфаат қули. Жадидлар давридан фарқли ўлароқ бугун юртимиз фуқароси эркин, демократик давлатда яшаяпти. Ижтимоий муаммолар эса доим бўлган. Жадидлар жони гаровда турганини билса-да, ортида баланд ғоялари, ватан, миллат туйғуси турган асарлар яратган. Замондош ижодкорларимизда фидоийлик туйғуси оқсайди. Биринчидан, ижтимоий муаммонинг таг мазмунини очишга билими етмайди. Иккинчидан, баҳс туғилиши мумкин бўлган саҳна асарларига бош қотириб ўтирмайди.
Ўзбек драматургиясига асос солган Беҳбудийдан то бугунгача жараённи сарҳисобласак, кам асар яратилмади. ХХ аср бошларида театримиз дарғаларида русларга тақлид сезилади. Чўлпоннинг драматург сифатида хирмони тош босмаса-да, “Ёрқиной” драмасини қўлланма сифатида тавсия қилиш мумкин. Афсона драматургимиз Шароф Бошбеков “Темир хотин”, “Эшик қоққан ким бўлди?” асарлари ўзбек драматургиясининг чинакам хазинаси.
Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганим, сўз санъаткори бўлмоқчи бўлганлар кундалик ёзиши, тил билиши ва албатта кўп китоб ўқиши керак. Шундагина бадиий ижодкорлик ва лойиҳа муаллифилик ўртасидаги чегарани белгилаб олади.
Ўзбектош ТЎРАХОНЛИ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Жамият
Жамият
Илм-фан
Жаҳон
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ