“Андижон дўпписи” ва “Сўқоқ сомсаси” географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди

Сақлаш
04:53 / 18.06.2025 4 0

Адлия вазирлиги томонидан “Андижон дўпписи” ва “Сўқоқ сомсаси” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

 

Қайд этилишича, “Андижон дўпписи” ўзининг юқори сифатли матолари, нозик нақшлари, ўзига хос шакли, шунингдек, рамзий ва эстетик мазмуни билан ажралиб туради. У Андижон вилоятининг ҳунармандчилик анъаналари, каштачилик мактаби ва маданий рамзларига асосланган бўлиб, халқ орасида ўзига хос ҳурмат ва мавқега эга.

 

Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши Андижон дўпписининг келиб чиқиш манбасини белгилайди ҳамда унинг сифати ва маданий қийматини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади.

 

Бундан ташқари, Тошкент вилояти Паркент туманига қарашли Сўқоқ қишлоғига хос бўлган миллий таом – “Сўқоқ сомсаси” ҳам ўзига хос табиий масаллиқлари, хусусан, фақат Сўқоқ тоғларида ўсадиган, халқ орасида “мадор” номи билан танилган ўсимлик ёки исмалоқдан тайёрланиши, шунингдек, бетакрор таъми ва хамирининг ўзига хос усулда тайёрланиши билан ажралиб туради.

 

Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши “Сўқоқ сомсаси”нинг айнан Сўқоқ ҳудудига мансублигини белгилаб, унинг сифати, тарихий илдизлари ва маданий қийматини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилади.

 

Географик кўрсаткич — бу маҳсулотнинг маълум ҳудудга хослиги ва унинг сифати, машҳурлиги ёки бошқа белгилари ўша ҳудуднинг табиий, инсоний ва тарихий омилларига чамбарчас боғлиқ бўлганини ифодаловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.

 

Аввалроқ Хоразм вилоятига хос бўлган тухум барак миллий таоми географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//