Шоир Бобур Бобомурод Фарҳод ва Ширин дуэтини судга берди

Сақлаш
15:18 / 07.01.2022 1869 0

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига фуқаро Бобур Бобомурадовнинг шеърий асарларига нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги ҳамда унга тегишли бўлган «Фарҳод ва Ширин» хизмат кўрсатиш белгисидан ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ҳеч қандай шартнома тузилмасдан фойдаланилаётганлик ҳолати юзасидан тегишли чора кўриш тўғрисидаги мурожаати келиб тушган.

 

Мурожаатда келтирилган ҳолатларни ўрганиш жараёнида фуқаролар С.Ф. ҳамда З.Ш. томонидан муаллиф Б.Бобомуродовга тегишли бўлган «Қалбим баҳори», «Ҳаёт» номли шеърий асарларни муаллиф билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз барчанинг эътиборига етказилганлиги ва омма олдида ижро этилганлиги аниқланган.

 

Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунининг 62-моддасига кўра ҳуқуқ эгаси билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланади.

 

Шунингдек, мурожаатда юқорида келтирилган фуқаролар томонидан ўз хонандалик фаолиятида фойдаланилаётган «ФАРҲОД ва ШИРИН» сўзи Б.Бобомуродовга тегишли бўлган МГУ 43187-сон «ФАРҲОД ва ШИРИН» хизмат кўрсатиш белгиси билан ўхшашлиги таъкидланади.

 

«Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасига мувофиқ товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг эгаси товар белгисидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш мутлақ ҳуқуқига эга бўлиб, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини ёки шу белги билан белгиланган товарни рухсат берилмаган тарзда тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, савдога таклиф этиш, сотиш, ўзгача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки уларни шу мақсадда сақлаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни белгилаш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш деб эътироф этилади.

 

Юқоридагиларга асосан, фуқаро С.Ф. ҳамда З.Ш.нинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177-моддасининг биринчи қисмида ва 177(1)-моддасининг биринчи қисмида белгиланган асардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолати ҳамда ҳуқуқ эгасига тегишли бўлган товар белгисидан ўз хонандалик фаолиятида фойдаланаётганлиги сабабли Агентлик томонидан ҳолат бўйича маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//