
Маданият
“Асл ҳикмат, дахлсиз ҳақиқатлардан кўпчилик юз ўгирган чоқда ҳам аҳли илм олий маслагидан воз кечмаслиги шарт. “Эскилик” тамғаси урилса-да, моҳияти ва хосияти эскирмас тушунчалар бор. Зеро, уларни кашф этмоқ, шулар асосида яшамоқ учун одамзод бир қанча асрларни босиб ўтган. Глобал ахлоқий деградация ёки фикрий ассимиляция ҳам уларнинг долзарблигига путур етказолмайди. Инсоният балки қай бир эътиқод ва ҳикматларни эскирди деб эълон қилар. Алҳосил, фурсат келиб, янгилик дея ўзини урган фалсафа иш бермагани, маънавий ва моддий эҳтиёжлар ўртасидаги мувозанатни тиклай олмаганига иймон келтиради ҳамда эскирди деб ҳукм қилгани саҳифаларни қайта варақламоққа мажбур бўлади. Навоийшуносларимиз ўз зиммаларидаги вазифаларни бажармоқда мардонавор давом этишлари керак. Ҳар хил мантиқсиз саволларга жавоб бериш ёки тийиқсиз истакларни изоҳлаш каби вазифани зиммага олмаганмиз.” “Дахлсиз ҳақиқатлар” суҳбатида бугун навоийшунослик ва унга эҳтиёж, навоийшуносларнинг вазифаси, мажбуриятлари, шунингдек, инсон фожиалари, тафаккурдаги мағлубият ва инқирозлар ҳақида сўз боради. Филология фанлари доктори, профессор Дилнавоз Юсупова билан бўлган суҳбатнинг тўлиқ матнини “Тафаккур” журналининг 2025 йил 2-сонида ўқинг.
“Айнан ўша – инсон бағрида яширинган чексиз қувват (бу ўринда гап жисмоний куч ҳақида кетаётгани йўқ) дунёни тубдан ўзгартира олади. Ғарбда рационал ақлга таянган ҳолда, инсон қалби, шууридаги ботиний қувват сиқиб чиқарилди. Бу ҳам етмаганидек, инсон миясини митти чиплар ёрдамида янада фаоллаштириш бўйича тажрибалар олиб борилмоқда. Мухтасар айтсак, Ҳазрати Инсон темиртан робот ёки шунчаки дастгоҳ даражасига туширилмоқдаки, бу вақти келиб инсоният бошига фалокат ёғдириши ҳеч гап эмас.” Юқорида келтирилган парча Темур Жўраевнинг “Жаҳон тартиботи: хазонрезги аломатлари” мақоласидан олинган. Унинг тўлиқ матни билан журнал саҳифаларида танишасиз.
“Масаланинг қизиқ жиҳати шундаки, АҚШ ва Хитой қарама-қарши қутбдаги сиёсий тузумларнинг яловбардорлари бўлгани боис СИ соҳасидаги муваффақият улар тамсил этган мафкуранинг устунлиги сифатида талқин қилиниши мумкин. Хитой технологиялар борасида қатъий давлат бошқаруви ва назоратига таянади, Америкада эса бунинг акси. Океанортида асосан хусусий компаниялар, стартап жамоалар СИ бўйича йирик натижаларга эришмоқда. Демак, бу икки йирик давлатнинг технологиялар соҳасидаги рақобати бир вақтнинг ўзида мафкуралар тўқнашуви ҳамдир.” Журналнинг “Янги аср муаммолари” рукнида Авазбек Шерматовнинг “Сунъий идрок: ахлоқ сарҳадлари бузилганда” мақоласини ўқийсиз. Унда технологиянинг инсониятга тақдим этган имкониятлари ва яратган муаммоларини бошқариш ҳақида сўз боради.
Журналнинг кейинги саҳифаларидан “Афсоналарга чулғанган Афросиёб” (Анвар Юсупов), “Аломатфеъл алломалар” (Абдулла Аъзам) мақолалари, “Осмони фалакларда” (Хайриддин Султон) ҳикояси, “Тошойна – томоша ойна” (Михаил Живаницкий) иқтобослари ҳамда “Сўзсиз ҳикоялар” (Насрулло Эргаш), “Ўргимчак инига хуш келибсиз” (Шаҳноза Раҳман) мутолааси ўрин олган. Журналнинг талқин ва тадқиқотлар рукнида “Ҳаёт-мамот масаласи” (Нодира Абдуназарова), “Урушда ғолиб бўлмас” (Ҳабибулло Ражабов), “Соҳибқирон битган мактублар” (Шаҳло Раҳмон), “Эврилиш мўъжизалари” (Гўзал Рамазонова) мақолалари эълон қилинган.
“Тафаккур” табассуми” рукнида Михаил Жванецкийнинг “Ҳар биримизнинг қонимизда бир даҳо ухлармиш. Кундан-кун баттар донг қотиб...” фикри келтирилган. Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз: “Тафаккур” мутолааси билан қонингиздаги даҳони ухламасликка илҳомлантиринг!
Сиёсат
Жамият
Сиёсат
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ