«Ақлий салоҳият ирсий меросга эмас, имкониятга боғлиқ» – Тадқиқот

Сақлаш
16:11 / 20.05.2025 8 0

Ричард Нисбеттнинг «Интеллект нима ва уни қандай қилиб ривожлантириш мумкин?» китобида камбағал оилаларда ўсаётган болаларнинг ақлий салоҳиятини қандай қилиб ривожлантириш тўғрисида жуда кўп маълумотлар берилган.

 

Мутахассис изланишлари давомида инсоннинг ақл-заковати (яъни IQ'си) бу туғма ва ўзгармас нарса эмас, балки муҳит, таълим-тарбия ва жамиятдаги имкониятларга кучли боғлиқ бўлган, шаклланувчи ва ўзгарувчан сифат деган хулосага келган.

 

Ушбу асарда муаллиф шундай фикрни илгари суради:

 

Биз кўп ҳолларда ақлни наслдан наслга ўтадиган, генетик мерос деб қабул қиламиз, лекин бу нотўғри. Албатта, генетик омиллар муҳим, лекин улар ягона белгиловчи эмас. Боланинг атроф-муҳити, айниқса дастлабки уч йил ичидаги тажрибалари, у оладиган эътибор, меҳр, тилдаги бойлик, таълим сифати — буларнинг барчаси унинг интеллектуал ривожланишига бевосита таъсир қилади.

 

Нисбетт бир қанча илмий тадқиқотларга таянган ҳолда қуйидагиларни кўрсатиб ўтади:

 

Қашшоқликда яшаётган болалар ўзларининг потенциал интеллектуал имкониятларига эриша олмайди, чунки улар кўп ҳолларда салбий муҳитда ўсади. Бунда ота-онанинг билим даражаси паст бўлади, фарзанд билан мулоқот етарли бўлмайди, стресс доимий ҳолга айланади, овқатланиш ёмон бўлади ва сифатли таълим олиш имконияти чекланган бўлади.

 

Қашшоқлик бу ерда шунчаки иқтисодий масала эмас, аксинча у боланинг биологиясига ҳам таъсир кўрсатадиган муҳитдир. Нисбетт ўз китобида шуни исботлайдики, сурункали стресс остида яшовчи болаларда мия ривожланиши сусаяди, айниқса ўрганиш ва эътибор билан боғлиқ соҳалар зарар кўради. Бу эса, ўз навбатида, бола мактабга борганда уни тенгдошлари билан тенг шароитда ўрганишдан маҳрум қилади.

 

Китобда, шунингдек, баъзи мамлакатларда олиб борилган ижтимоий сиёсатлар ҳам мисол тариқасида келтирилган. Мисол учун, агар болаларга эрта ёшдан бошлаб рағбатлантирувчи муҳит яратилса, масалан, бой тил муҳитида ўстирилса, ота-оналар болани китобга қизиқтирса, сифатли таълим ва ўқитувчилар билан таъминланса — унда IQ сезиларли даражада ошади. Яъни, уларнинг ақлини «ўстириш» мумкин. Бу фақат назария эмас, амалиётда ҳам исботланган.

 

Нисбетт IQ бу ижтимоий адолат масаласи эканини таъкидлайди. Интеллектни яхшилаш орқали жамиятда кўплаб муаммолар — жиноятчилик, ишсизлик, касалликлар ва камбағалликнинг авлоддан авлодга ўтиши кабиларни камайтириш мумкин. Шу ўринда маълум бўладики, ёш авлоднинг IQ даражасини ошириш фақат алоҳида шахснинг эмас, балки бутун жамиятнинг тараққиёти билан боғлиқ.

 

Умуман олганда, бу китоб жуда муҳим ва ишончли бир фикрни илгари суради:

 

«Intelлект бу табиий берилган доимий рақам эмас, балки биз қандай яшаймиз, қандай шароитда ўсамиз ва қандай имкониятларга эгамиз — шулар орқали шаклланувчи ва ривожланувчи хусусиятдир.»

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//