
Сиёсат
16 май куни “Миллат фидойилари” хиёбонида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мудофаа вазирлиги, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ижодкор зиёлилар анжумани ўтказилди.
Хабарингиз бор, 8 май куни Шавкат Мирзиёев пойтахтда жойлашган Ғалаба боғидаги “Миллат фидойилари” хиёбонига ташриф буюриб, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг оила аъзолари билан суҳбатлашганди. Суҳбатда Президент уларга чексиз ҳурматини изҳор этиб, қаҳрамонлар халқ ёдида экани ва уларнинг номлари абадийлиги тимсоли сифатида мазкур мажмуа бунёд етилганини таъкидлаб ўтган.
Маълумот ўрнида, “Миллат фидойилари” хиёбони мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган 196 нафар ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига бағишлаб бунёд этилган
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, илм-фан, адабиёт ва санъат намоёндалари, элимиз суйган кино ижодкорлар, олимлар ва ҳарбий хизматчилар, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирокидаги тадбир аввалида “Миллат фидойилари” ёдгорлик мажмуасига гул қўйиш маросими ўтказилди.
Ғалаба боғи ҳудудида она юрт қалқонлари шарафига барпо этилган яна бир тарихий ёдгорлик – “Миллат фидойилари” мажмуаси юзлаб марҳум ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг номлари зарҳал ҳарфлар билан тарихга муҳрлаб қўйилди.
Мажмуага байроғимиздаги ярим ой мўъжаз амфитеатр шакли кўрк бағишлаган. Унинг тепасидан поклик рамзи – шаффоф сув оқиб туради. Ойнинг орқа тарафидаги ҳайкалтарошлик композицияси юксак дид билан уйғунлаштирилган. Унинг марказида фарзандини ҳарбий хизматга кузатган ота-она сиймоси гавдалантирилган. Икки ёнида Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Олий суд ва прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси, Миллий гвардия каби тузилмалар хизматчилари сиймоси акс эттирилган. Аҳамиятлиси, улар яқин ўтмишда яшаб ўтганликлари учун уларнинг ҳайкаллари ўзларининг мавжуд расмлари асосида яратилган.
Айтиш мумкинки, пойтахт ҳудудида барпо этилган мазкур мажмуа бугун юртдошларимизнинг келиб дам оладиган, она ватан учун жонини фидо қилган миллатимиз қаҳрамонларини ёдга оладиган маънавият масканига айланди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида зиёлилар иштирокида анжуман ўтказилди. Унда Марказ раҳбари Отабек Ҳасанов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Ҳамдам Қаршийев ва бошқалар Ўзбекистоннинг яқин тарихида ҳам миллат учун, халқ фаровонлиги ва тинчлиги учун жонини қурбон қилган фидойилар борлиги, уларнинг номини абадийлаштириш, қаҳрамонлигини ёшларга етказиш билан бир қаторда уларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш зарурлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдириб ўтди.
Отабек Ҳасанов биз яшаб турган даврнинг ҳар они кишига тинчлик қадрига етишни, она юртни, миллатни, халқни севишни талаб қилаётганини таъкидлади.
"Бугун миллатимиз зиёлиларини бир ерга йиғишдан ҳам мақсад шу. Билмаслиги, бефарқ-бехабарлиги эса хиёнат билан баробардир. Биз, қалам аҳли ана шу ҳақиқатни тинимсиз уқтириб, билдириб турмоғимиз керак. Бу боғ ҳар куни одамлар билан гавжум бўлиши керак. Одамлар бу ерга йилда бир маротаба эмас, ҳар куни келадиган манзил бўлиши керак" – дея нутқида давом этди.
"Шоир ва адиблар, журналистларнинг фидойи қаҳрамонларимиз, уларнинг оилалари ҳақида яратган ижод намуналари миллий ўзлигимизни англашга, ғуруримиз ва маънавиятимизни кучайтиришга, халқимизни янада бирлаштиришга хизмат қилиши керак. Учрашув ижод аҳлини, маънавият ва маърифатга масъулларни ўзига бирлаштиришни ҳам мақсад қилган. Биз ҳар қандай вазиятда ҳам юртимизни ҳимоя қилишга ҳам маънан, ҳам руҳан тайёр туришимиз керак. Иккинчи жаҳон урушида муносиб иштирок этган ота-боболаримиз, мустақиллик йилларида юрт сарҳади ва тинчлиги йўлида ҳалок бўлган мард ҳамюртларимизнинг ҳаёт йўли ва қаҳрамонлигини кенг оммага етказишимиз керак. Бунда ижодкорлардан улар ҳақида шеърлар, ҳикоялар, кино асарлар ёзиш талаб этилади", – дейди Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов.
Ҳасанов уларнинг "ҳар бирининг ҳаёти достонларга арзигулик, роман-эпопеяларга мавзу бўлгулик" эканини қайд этиб, уларнинг жасоратини бугунги ва келажак авлодлар билиши шарт ва зарур, зеро, бу миллат ўз қаҳрамонларини унутмайди, дейди.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ