
Илм-фан
13 май куни Ўзбекистондаги барча президент мактабларининг PISA халқаро тадқиқотида иштирок этиши мумкинлиги муҳокамаларга сабаб бўлганди. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова хабарларга жавобан мактаблар ИҲТТ томонидан танлаб олингани, вазирликка кўзбўямачилик эмас, ҳаққоний таҳлил ва натижалар кераклигини таъкидлаган. Газета.уз PISA тадқиқоти асосчиси Андреас Шляйхерга мазкур вазият юзасидан муҳим саволлар йўллаган. Қуйида савол ва жавоблар тўлиқлигича келтирилади:
— Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги 14 та президент мактаби ва бир қанча ихтисослаштирилган мактаблар ушбу рўйхатга киритилгани ростми?
— Ҳа, барча 14 та президент мактаби PISA`нинг стандарт, пропорционал танланмасига (sample) қўшимча сифатида киритилди.
Ўзбекистон бўйича мамлакат натижаларини тайёрлашда ушбу мактабларнинг танланмадаги улуши ошиб кетгани ҳисобга олинади, шу сабабли тадқиқот натижалари Ўзбекистондаги барча ўқувчилар ҳолатини тўғри акс эттиради. Президент мактабларининг натижалари фақат бу мактаблардаги ўқувчиларнинг мамлакатдаги жами ўқувчилар сонига нисбатан улушига мутаносиб равишда ҳисобга олинади. Бундай ёндашув PISA тадқиқоти учун стандарт бўлиб, мамлакатлар умумий натижаларга қўшимча равишда муайян турдаги мактаблар ёки ўқувчилар бўйича натижаларни таҳлил қилмоқчи бўлганда қўлланилади. PISA натижаларни ҳисоблашда муайян турдаги мактаблар умумий натижага ҳаддан ташқари катта таъсир қилмаслиги, мамлакат даражасидаги натижалар мамлакатдаги умумий ҳолатни акс эттириши учун танланмага вазн бериш (sampling weights) методикасини қўллайди.
Хусусан, Ўзбекистон бўйича тадқиқотларда мамлакат ҳудуди урбанизация даражаси бўйича 27 та гуруҳга (стратага) бўлиб олинган, шундан келиб чиқиб PISA ўқувчиларни танлашда аввал ушбу 27 гуруҳда қанча мактаб/ўқувчи бўлса, шунга пропорционал равишда улуш ажратган. Кейин эса 14 та президент мактаби қўшимча гуруҳ сифатида алоҳида киритилган. Ихтисослаштирилган мактабларга келсак, мактабларнинг ихтисослашуви алоҳида гуруҳга бўлиш учун мезон қилиб олинмаган, лекин ҳар бир гуруҳ ичида қўшимча мезон сифатида олинган.
— Бу мактаблар ўқувчилари тадқиқот доирасидаги синовларда иштирок этаётгани репрезентативлик жиҳатидан қанчалик тўғри?
— Ўзбекистон томони ушбу муассасаларнинг таълим натижалари тўғрисида қимматли маълумотларга эга бўлиш учун 14 та президент мактабини ҳам киритишни сўраган.
Улар мутаносиблик (пропоционаллик) тамойили асосида олинган танланмага қўшимча тарзда киритилган, шунинг учун стандарт PISA танланмаси натижаларини бузмайди ва фақат ўзларининг номидан иштирок этади. Уларнинг ўзи алоҳида гуруҳ сифатида олинган бўлиб, ҳар қандай таҳлил учун PISA танланмасининг қолган қисмидан осонгина ажратиб олиниши мумкин.
— Ўқувчилар интенсив тайёргарликдан ўтадиган ва ўқув дастурлари оддий мактаблардан фарқ қиладиган президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларини PISA тадқиқотига жалб қилиш тадқиқотнинг ишончлилигига қандай таъсир қилади?
— Президент мактабларининг тадқиқот танланмасидаги улуши ошиб кетган бўлса ҳам, бу айнан шу мактаблар самарадорлиги ҳақида қўшимча маълумотлар олиш мақсадида қилинган ва Ўзбекистон бўйича умумий натижаларда президент мактаблари ҳаддан ортиқ вазнга эга бўлмайди.
Хусусан, маълумотлар таҳлил учун тайёр бўлганда, танланмадаги барча ўқувчиларга уларнинг мамлакатдаги умумий ўқувчилар сонидаги улушига мутаносиб равишда вазн берилади. Бу эса натижалар Ўзбекистондаги PISA тадқиқотларида қатнашиш талабларига мос келувчи барча ўқувчиларни тўғри акс эттиришини таъминлайди.
Жамият
Жаҳон
Жаҳон
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ