
Жамият
Президент Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғига ташриф буюриб, хотира маросимида иштирок этди.
Боғ бўйлаб мунгли куй таралди. Боғ бугунгидек байрам кунларида, айниқса, гавжум бўлади.
Сўнгги йилларда шаклланган анъанага мувофиқ, давлат раҳбари «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. Бу муаззам обида урушда халқимиз чеккан азоб-уқубатлар, матонат ва йўқотишларнинг ифодасидир.
Ҳужжатларнинг далолат беришича, фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6 миллион 800 минг нафарни ташкил этган аҳолимизнинг қарийб 2 миллион нафари иштирок этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.
Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани уларнинг жасоратидан далолат беради.
Ўзбекистон уруш йилларида фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланган, жанг майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, кийим ва озиқ-овқатлар етказиб турилган. Ғоят оғир шароитга қарамай, халқимиз уруш ҳудудларидан кўчириб келинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонни, жумладан, ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болани ўз бағрига олиб, меҳр кўрсатган.
«Булар чинакам мардлик ва қаҳрамонлик солномасидир. Бундай мураккаб ва шонли ғалабага муносиб ҳисса қўшган матонатли халқимиз билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Бу қаҳрамонликларни ҳеч қачон унутмаслигимиз, ёшларимизга етказишимиз керак. Айниқса, ҳозирги таҳликали замонда бунинг аҳамияти ниҳоятда катта. Ҳаммамиз ватан ҳимоясига ҳар куни тайёр бўлишимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19 февралдаги қарорига мувофиқ, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносиб нишонланмоқда. Бугунги авлодлар тинчлиги, мамлакатимиз барқарорлиги учун жон фидо қилган инсонлар хотираси ҳурмат билан ёдга олинмоқда. Айни вақтда ҳаёт бўлган меҳнат фахрийлари ва кексаларга эҳтиром кўрсатилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Қуролли Кучлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар ҳам иштирок этиб, мазкур ёдгорлик пойига гуллар қўйди.
Давлат раҳбари боғда ўрнатилган «Хотира нури» композициясини ҳам кўздан кечирди. У Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида меҳнат қилган ўзбекистонлик қаҳрамонлар хотирасига бағишлаб барпо этилган. Монумент парвоз қилаётган икки қуш шаклида бўлиб, катта ва ёш авлодлар ўртасидаги ворисийликни ифодалайди.
Асар тарихий мерос ва замонавий санъатни ўзида мужассам этган. Унга ҚР-ҳавола ўрнатилган бўлиб, ташриф буюрувчилар мажмуа ва уруш қаҳрамонлари ҳақида ўқиши, «Хотира нури» китобини юклаб олиши мумкин.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ