Блогерлик фаолияти тартибга солиниши кутилмоқда

Сақлаш
10:49 / 08.05.2025 9 0

Кеча, 7 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасида онлайн-платформалар фойдаланувчилари ҳуқуқлари, соҳада юзага келаётган ижтимоий муносабатлар, замонавий чақириқлар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

Унда Ўзбекистонда ҳозирги очиқлик сиёсати даврида интернет ва ижтимоий тармоқлар фуқароларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини тезкор қондириш, жамиятдаги долзарб муаммоларни муҳокама қилишда муҳим воситага айланиб бораётгани таъкидланган.

 

Ушбу шароитда онлайн-платформалар фойдаланувчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қонун асосида аниқ мустаҳкамлаб қўйишнинг аҳамияти борасида мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тингланган.

 

Шу муносабат билан, тадбирда иштирок этган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вакиллари томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари, медиа-соҳаси экспертлари иштирокида соҳани тартибга солувчи, тўғридан тўғри амал қиладиган яхлит қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълум қилинган.

 

Хабарга кўра, лойиҳанинг мақсади – фуқароларнинг онлайн-платформалар ва веб-сайтлардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқларини қонун даражасида белгилаш, уларни ёлғон ахборот, нафрат уйғотувчи, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи ноқонуний контентлардан ҳимоя қилишдан иборат.

 

Унда онлайн-платформалар соҳасидаги амалдаги қонунчилик сезиларли либераллаштирилган бўлиб, тартибга солишдаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган қатор нормалар назарда тутилган. Уларнинг қабул қилинишида энг аввало қуйидагиларга эътибор қаратилган:

▪️ онлайн-платформалар фойдаланувчилари ҳуқуқларини қонун даражасида мустаҳкамлаш;

 

▪️ Интернет тармоғида ахборот тарқатиш тартиблари борасида ҳуқуқий аниқлик ва изчилликни таъминлаш;

 

▪️ онлайн-платформалар ва веб-сайт эгалари учун Ўзбекистонда фаолият юритишнинг аниқ шартларини белгилаш, уларнинг бизнес моделлари учун шарт-шароитларни аниқ прогнозлаш имконияти яратиш;

 

▪️ ахборот соҳаси иштирокчилари, жумладан, онлайн-платформалар, блогерлар, инфлюэнсерлар ҳамда соҳани тартибга солувчи давлат органлари ўртасида ўзаро мулоқот ва конструктив ҳамкорлик учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш;

 

▪️ интернетдан фойдаланиш хавфсизлиги даражасини ошириш, болалар соғлигига хавф солувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича аниқ механизмларни яратиш;

 

▪️ фойдаланувчилар ўз шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотлардан ҳимояланиш борасида ҳуқуқий кафолатларга ва зарур ҳолларда ваколатли органнинг кўмагидан фойдаланиш.

 

Таъкидланишича, қонун лойиҳасида инфлюэнсер ва блогерлар масъулияти ажратилиб, блогерлар мажбуриятлари сезиларли енгиллаштирилмоқда.

 

Давра суҳбатида лойиҳа билан киритилаётган янги ҳуқуқий институтлар батафсил кўриб чиқилган ва уни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш бўйича хулосага келинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//