Ҳиндистонлик талаба Тошкент тиббиёт академиясини танқид қилди

Сақлаш
15:44 / 05.05.2025 11 0

Тошкент тиббиёт академиясида ўқиётган ҳиндистонлик талаба муассасадаги таълим сифатини танқид қилди.

 

«Мен Тошкент тиббиёт академияси (ТТА)да таҳсил олаётган ҳиндистонлик биринчи курс талабасиман. 2025 йил февраль ойида қабул қилинганман. Мен чин юракдан бу ўртача даражадаги университет бўлади, деб ўйлагандим — арзон ўқиш, хорижий MBBS, ажойиб муҳит ва ҳ.к. Аммо вазият мутлақо бошқача экан. Бу ерда таълим сифати шунчалик аянчлики, айниқса биз каби хорижий талабалар учун, тасаввур қилиб бўлмас даражада», деб ёзган у Reddit платформасида.

 

Талаба, аввало, ўқитувчилар деярли инглизча гапира олишмаслигини, уларнинг ярим гаплари гўё Google Транслате орқали ўқилаётгандай туюлишини айтган:

 

«Биз шифокор бўлишни ўрганишимиз керак, уларни эса умуман тушунмаймиз. Улар биз учун 4 соатлик инглиз тили дарси ўтказишади — гўёки мен бу ерга анатомия эмас, алифбо ва грамматикани ўрганишга келганман! Анатомияга эса 20 дақиқа ажратилади — у ҳам кулгили тарзда. Улар ҳеч нима тушунтиришмайди. Дарсга келишади, дарсликка ишора қилишади ва буюрилади: «Мана мавзу, ўқиб, ўрганиб кел». Баъзида дарс бошланишига бир дақиқа қолганда: «бу дарс онлайн бўлади», деб айтишади, лекин, ҳайрон қоларли ҳолат — ҳеч қандай онлайн дарс ўтказилмайди. Аслида, биз ўзимиз ўрганамиз, улар эса маош олишади ва фақат ўзларига қулай пайтда бизга жавоб беришади», дейди исм-шарифи кўрсатилмаган ҳиндистонлик.

 

У, шунингдек, академия деканини ҳам танқид остига олган:

 

«Бу одам — мутлақо ақлдан озган. Доимо соқол масаласи билан безовта қилади — гўё, соқол олиш керак, деб таъқиб қилади. Мен тушунаман, «вазирлик қоидалари» бор, лекин, ака, тинчланинг — менинг соқолим имтиҳонларнинг ёмон ўтишининг сабабчиси эмас. Ўзи эса бутунлай самарасиз — ҳеч қандай муаммога ечим топмайди, фақат муҳим шахс каби юради, холос», дейилади унинг постида.

 

Танқидда ётоқхона масаласи ҳам кўтарилган:

 

«Ҳинд талабалар яшайдиган ётоқхона эса — ҳақиқий даҳшат. Қўланса ҳид, моғорлаган деворлар, мудом оқиб турувчи қувурлар — кимдир қизамиққа чалинса, худди фермадаги чорвани эмлагандек, ҳаммага қандайдир вакцина уриб чиқишади. Гигиена? У бу ерга қадам босмаган».

 

Талаба таълим сифати ҳақида гапириб, ҳеч нарса ўрганмаётганидан шикоят қилган ҳамда имтиҳонларни «цирк» деб атаган:

 

«Бу ердаги таълим шунчалик ёмонки, нимадан бошлашни ҳам билмайман. Ўқитувчилар келганда, фақат слайд ўқишади ёки ўзинг ўқи, деб кетишади. Токи бизга ҳеч нарса ўргатишмас экан, биз қандай қилиб яхши шифокор бўламиз? Имтиҳонлар — цирк. Бир PDF файл беришади, унда тахминан 50 та савол бўлади. «Шуни ёдла», дейишади, кейин эса компьютерда тест топширасан. Ҳаммаси қандай ёдлашга боғлиқ. Ҳар бир савол деярли ўша PDF'дан айнан олинган. Имтиҳонлар ўтиб кетиш учун жуда осон — лекин фойдаси нима? Мен бу ерга хотира ўйинлари ўйнаш учун эмас, ҳақиқий тиббиёт ўрганиш учун келганман. Шу сабабли бу жойдан «пишмаган» шифокорлар чиқаверади. Бу цирк қандай қилиб Ҳиндистоннинг NMC (National Medical Commission) томонидан тан олинган? Кимдир буни текшириши керак».

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Жамият

12:21 / 05.05.2025 0 12
Hafta davomida ayrim hududlarda yomgʻir yogʻishi mumkin

//