«Катталарга қараганда ёшлар 5 баробар кўп фойдаланмоқда» – Электрон сигареталарни тақиқлаш ҳақидаги қонун маъқулланди

Сақлаш
14:05 / 30.04.2025 7 0

Бугун, 30 апрель куни бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

 

Таъкидланишича, сўнгги йилларда тамаки маҳсулотларининг янги турларини, хусусан, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан, электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга олиб кириш ҳамда муомалага киритиш ҳоллари кўпаймоқда.

 

Шу муносабат билан, тамаки маҳсулотларининг, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларининг, хусусан, электрон сигареталарнинг ва улар учун суюқликларнинг муомаласини мамлакат ҳудудида тақиқлаш, уларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, шунингдек, тамакини қиздириш тизимларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш учун жавобгарлик белгилаш зарурати юзага келмоқда.

 

«Электрон сигареталардан фойдаланувчи ёшлар салмоғи катта ёшдагиларга нисбатан деярли 5 баробар кўп. Эътибор қаратинг, 30 ёшдан 70 ёшгача бўлганлар ўртасида 7 мингдан нафардан ортиқни ташкил этган бўлса, 18 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар орасида 32 минг нафардан ортиқ. Мана қандай кузатиш. Энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари орасида ушбу маҳсулотларга қизиқиш тез суратларда ортиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, бугун 30 мингга яқин ўғил болалар ва 9 мингга яқин қизлар чекишга мойил бўлса, 12 минг нафардан ортиқ болалар ва ўсмирлар ушбу сигареталарни мунтазам чекади», дейди сенатор Баҳром Абдуллаев.

 

Хабарга кўра, қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотларини, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан, электрон сигареталарни ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек олиб кириш ва олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

 

Йиғилишда ушбу қонун нафақат айбдор шахсларни жазолашга қаратилганлиги билан, балки содир этган ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида ўз ихтиёри билан ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган шахсларни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутиши билан ҳам аҳамиятли эканлиги қайд этилган.

 

Сенаторлар томонидан қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга, миллат генофондини сақлашга ҳамда атроф муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилиши таъкидланган.

 

Муҳокама якунида ҳужжат сенаторлар томонидан маъқулланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//