1 майдан нималар ўзгаради?

Сақлаш
11:29 / 27.04.2025 8 0

Фонограммадан фойдаланиш чекланади

Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган барча концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш босқичма-босқич чекланади.

Шунингдек, Маданият вазирлиги томонидан ижодкорларни «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» ва «Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи» давлат мукофотларига тавсия этишда, биринчи навбатда, уларнинг жонли ижро эта олиш қобилияти инобатга олинади.

 

Ўзини ўзи банд қилган шахслардан давлат божи ундирилмайди

Президент фармони билан, 2025 йил 1 майдан ўзини ўзи банд қилган шахслар ЯТТ ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда, давлат божи ундирилмайди.

 

Шунингдек, агар бундай шахслар бизнесини йириклаштирган бўлса, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастурлари доирасида 150 млн сўмгача гаровсиз кредитлар берилади.

 

Кам таъминланган оилаларга электр ва газ тўловларининг бир қисми компенсация қилиб берилади

2025 йил 1 майдан 2027 йил 1 апрелгача «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи ҳамда Камбағал оилалар реестрига (Реестрлар) киритилган, шунингдек, Реестрларга киритилмаган, бироқ моддий аҳволи бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келувчи, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга:

🔸электр энергияси истеъмоли бўйича – ойига базавий меъёрдан 150 кВт соатгача;



🔸табиий газ истеъмоли бўйича – иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача, бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади.

 

Маҳалла раислари ўқитилади

Фуқаролар йиғини раислари Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида оилавий медиация ишлари бўйича профессионал медиаторликка бепул ўқитилади.

 

 

«Ҳамкор тадбиркор» дастури йўлга қўйилади

1 майдан қуйидагиларни назарда тутувчи «Ҳамкор тадбиркор» дастури йўлга қўйилади:

 

🔹ўз бизнесини ташкил этмоқчи бўлган хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш;

 

🔹кооперация асосида хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш;

 

🔹маҳаллий ва халқаро электрон платформаларда хотин-қизларга ўз маҳсулотларини жойлаштириш ва сотишга кўмаклашиш.

 

Тадбиркор аёллар қўллаб-қувватланади

«ҲАМРОҲ» тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида:

 

🔸хотин-қизларга «яшил лойиҳалар» ва IТ соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишига, шунингдек, камида 5 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашган 1 минг нафар «устоз» тадбиркорларга 50 миллион сўмгача грант ажратиш йўлга қўйилади;

 

🔸ижобий кредит тарихига эга бўлган хотин-қизларга 100 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади;

 

🔸аёл тадбиркорлар томонидан кредит ҳисобидан сотиб олинаётган асбоб-ускуналар етказиб берилгунга қадар «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан кафиллик тақдим этилиши йўлга қўйилади.

 

Бузилаётган турар ва нотурар жой объектининг бозор қиймати тўлиқ қоплаб берилади

Президент фармони билан:

🔹 қурилишни бошлашдан фойдаланишга рухсатнома беришга қадар бўлган жараёнлар тўлиқ онлайн режимида «Шаффоф қурилиш» тизимида амалга оширилади;

 

🔹 қурилиши тугалланган кўп квартирали уй-жойдан фойдаланишга рухсатнома беришда фақат Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси, ҳамда давлат ёнғин назорати органларидан хулоса олинади;

 

🔹Инспекцияда рўйхатдан ўтган ва у томонидан назорат қилинадиган кўп квартирали уй-жойларни фойдаланишга рухсатнома беришдан олдин инструментал-техник текширувдан ўтказиш амалиёти бекор қилинади.

 

«Ижтимоий дафтарлар»да турувчиларни даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш харажатлари қоплаб берилади

«Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари ҳисобидан даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштирилади.

 

Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга нафақа тўланади

Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга БҲМнинг 6 баравари миқдоридаги бир марталик нафақа пули «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали тўлб берилади.

 

«Хавфсиз лифт» платформаси ишга туширилади

Кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналарининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш, авария ҳолатларини олдини олиш, аҳолига хавфсиз шарт-шароитлар яратиш, лифт ускуналарини мониторинг қилиш ҳамда замонавий диспетчерлик хизматини кўрсатиш мақсадида «Хавфсиз лифт» электрон платформаси жорий этилади.

 

Камбағал оилаларга кўмак тартиби ўзгаради

Ижтимоий шартнома асосида маҳаллалардаги камбағал оилаларга кўмак кўрсатилиши 2025 йил 1 мартдан бошлаб Сирдарё вилояти Ховос туманида тажриба тариқасида жорий этилиши белгиланган эди. 2025 йил 1 майдан бошлаб эса бу амалиёт республиканинг бошқа ҳудудларида кучга киради.

 

Бунда Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар томонидан ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда, ушбу оилаларга тўланадиган кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам миқдорини «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори билан 30 фоизгача камайтириш тартиби жорий этилади.

 

Таълим муассасаларида «Тоза қўллар» дастури амалга оширилади

«Тоза қўллар» дастури доирасида барча таълим муассасаларининг қўл ювиш жойлари зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминланади.

 

Вилоят марказларида айрим лойиҳаларни амалга оширишга йўл қўйилмайди

2025 йил 1 майдан бошлаб атроф-муҳитга салбий таъсир қилувчи янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади.

 

Атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган корхоналар эса Тошкент ва вилоят марказларидан кўчирилиши мумкин.

 

Янги электромобиллар учун утилизация йиғими оширилади

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, утилизация йиғими 2 хил миқдорда бўлади:

 

1. Ишлаб чиқарилганига 3 йилгача бўлган электромобиллар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 120 баравари (45 млн сўм);

 

2. Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан кўп бўлган электромобиллар учун — БҲМнинг 210 баравари (78 млн 750 минг сўм).

 

Маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» белгиси билан маркировкалашга рухсат берилади

Бу билан Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ваколат берилган сертификатлаштириш органлари шуғулланишлари мумкин.

 

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига Дин ишлари бўйича қўмита билан олти ойда «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органини аккредитациядан ўтказиш топширилган.

 

Ишсиз фуқаролар 35 турдаги бозори чаққон касбларга бепул ўқитилади

Мазкур тизим жорий йилнинг 1 февралидан Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида синовдан ўтказилади.

 

1 майдан эса барча республиканинг барча ҳудудларида жорий қилинади.

 

Бунда ёш чегараси чегараланмаган. Ваучер тизими учун ҳам ҳеч қандай ҳақ олинмайди. Ўқиш жараёни қанча муддат давом этишидан қатъий назар, харажатлар 100 фоиз тўлаб берилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Жамият

11:29 / 27.04.2025 0 9
1 майдан нималар ўзгаради?

//