Қозоғистонда намойишлар: Газ нархининг ошиши ортидан ҳукумат истеъфога чиқарилди

Сақлаш
18:01 / 05.01.2022 902 0

Қозоғистонннинг Манғистау области Жанаўзан шаҳри аҳолиси 2 январь куни газ нархи кўтарилгани ортидан норозилик намойишларини бошлади. Улар ҳукуматдан нархни икки бараварга камайтиришни талаб қилишган. Намойишлар эса ҳалиям давом этмоқда.

 

Норозиликнинг асосий сабаби – 1 январдан бошлаб суюлтирилган газ нархининг 60 тенгедан 120 тенгегача кўтарилиши бўлган. Намойишчилар нархларни 50-60 тенгега туширишни талаб қилишган.

 

 

Ҳозирга келиб, Қозоғистоннинг қатор шаҳарлари аҳолиси Манғистау областида ўтказилаётган норозиликларни қўллаб-қувватлаш учун акция ўтказишни бошлаган.

 

Маълумотларга кўра, 3 январда Манғистау областида бўлиб ўтаётган норозилик намойишларига тахминан 25 минг одам йиғилган. Нур Султон ва Олмота шаҳарларида ҳам одамлар кўчага чиқиб кетган.

 

 

Намойишлар ортидан эса ҳукумат истеъфо берди. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев республика ҳукуматининг истеъфоси тўғрисидаги фармонни имзолади. Қозоғистон бош вазири вазифасини бажариш вақтинча Смаилов Алихон Асхонович зиммасига юклатилди.

 

 

Қозоғистон бош вазири ўринбосари Ералы Тугжанов Ақтау шаҳар марказида тўпланган намойишчилар олдига чиқиб, вилоятдаги вазиятни ҳал қилиш бўйича тузилган ҳукуматнинг махсус комиссияси қарорини ўқиб берган. Унга кўра, Манғистау вилояти учун суюлтирилган газ нархининг 1 литри 50 тенгега туширилиши ваъда берилган.  

 

 

Айни вақтга келиб мамлакатнинг баъзи шаҳарларида интернет тўлиқ узиб қўйилган ёки узилишлар билан ишламоқда.

 

Uzbekistan Airways Қозоғистондаги норозилик намойишлари туфайли Ақтауга парвозларни бекор қилди.

 

Жамият хабарига кўра, 5 январь куни амалга оширилиши режалаштирилган HY-9725/9726 Урганч – Ақтау – Урганч йўналиши бўйича мунтазам қатновлар тўхтатилган.

 

Uzbekistan Airways йўловчилар 5 январь кунига Ақтауга бекор бўлган парвозлар авиачипталарининг тўлиқ қийматини чипта сотиб олинган жойда қайтариб олишлари ёки бошқа санага бепул қайта бронлашлари мумкинлигини айтмоқда. Ҳозирча парвозлар қачон қайта тикланишига ойдинлик киритилмаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//