Бўстонлиқда замонавий киношаҳар қурилади

Сақлаш
18:07 / 04.01.2022 851 0

Хорижий кинокомпаниялар ва киностудияларни мамлакатга жалб этиш мақсадида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ер майдони 50 гектардан кам бўлмаган замонавий киношаҳар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

 

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, киношаҳарларни ташкил қилиш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича хорижий мутахассислар ва ташкилотларни жалб қилган ҳолда жаҳон тажрибасини ўрганиш ва натижалари бўйича киношаҳар концепциясини ишлаб чиқиш мўлжалланган.

 

Мамлакатда миллий фильмлар намойиши ва тарғиботини юқори савияда ташкил қилиш, фильмларни оммалаштириш, миллий кинопрокат тармоғини яратиш ҳам кўзда тутилмоқда.

 

Бунда, республиканинг ҳар бир туман (шаҳар) кесимида фильмлар намойишини назарда тутувчи “Кинокарвон” фаолиятининг режа жадвали тасдиқланади, таълим муассасаларида, ҳарбий қисмларда ва иш режими вахта усулида ташкил этилган йирик корхоналарда миллий кино маҳсулотларининг намойиши ташкил этилади, республика бўйлаб фильмлар тарғиботини ташкил қилиш ва оммалаштириш бўйича реклама компанияси тизимли ташкил қилинади, жаҳон тажрибаси қўлланилади, мамлакатдаги кинотеатрлар ягона тармоққа уланади, фильмлар онлайн етказиб берилади, намойиш этилади ва ҳисоботи юритилади.

 

Бундан ташқари, республикада миллий мультипликация индустрияси шакллантирилади ва жадал ривожлантирилади. Кинематография агентлиги ҳузурида “Ўзбекмультфильм” студияси ташкил қилинади, фаолияти жаҳон тажрибаси асосида йўлга қўйилади, маҳаллий ва хорижий мутахассислар жалб қилинади. Хорижий анимация студиялари билан музокаралар олиб борилиб, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш бўйича тажриба алмашилади, ўқув курслари ташкил қилинади.

 

Шунингдек, хусусий анимация студияларини қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзлар бериш ва субсидиялар ажратиш тизимларини амалиётга татбиқ этиш мўлжалланган. Анимация йўналишида фаолият юритаётган нодавлат ташкилотлар, студиялар ва компанияларга давлат буюртмасини бериш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//