Янги Андижон шаҳарчасига Бобур шаҳри номи берилади

Сақлаш
20:02 / 15.04.2025 19 0

Айни вақтда Президент Андижон вилоятида бўлиб турганидан хабарингиз бор.

 

Шавкат Мирзиёев Янги Андижон шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» боғида ўтаётган халқ сайлида сўзга чиқиб, бетакрор илмий ва ижодий мероси билан миллатимиз, халқимизни бутун дунёга тараннум этган буюк аждодимиз – Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасини абадийлаштириш мақсадида Янги Андижон шаҳарчасига Бобур шаҳри деб ном беришни таклиф қилди.

 

 

«Ишончим комил, бу ташаббус ҳар томонлама халқимизнинг кўнглидаги иш бўлади. Нега деганда, ҳазрати Бобур – жаҳон тарихида камдан-кам учрайдиган шундай беназир, улуғ зотки, унинг шарафига нафақат кўча ва майдонлар, боғу роғлар, балки алоҳида шаҳар бунёд этсак, албатта арзийди.

 

Нега деганда, Бобур Мирзо – Темурийлар Ренессансининг муносиб давомчиси, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт, истеъдод ҳомийси бўлган буюк шахсдир», дея давлат раҳбари улуғ саркарда шахсиятига таъриф берди.

 

Шунингдек, Президент Бобурнинг ёшлик пайтларидан юртда тинчлик ва адолат ўрнатиш учун олиб борган курашлари, бу йўлда кўрсатган мардлик ва жасорати фидойилик ва ватанпарварлик мактаби бўлишини қўшимча қилди.

 

«Ҳеч шубҳасиз, қомусий билим ва тафаккур эгаси бўлган бу мумтоз аждодимизнинг биргина «Бобурнома» асари учун ҳам унинг шарафига мана шундай гўзал шаҳарчани бунёд этсак арзийди», деди Шавкат Мирзиёев.

 

Ушбу ташаббус юртдошларимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//