Бош вазир матбуот котиби хитойликлар ҳақидаги провокацияларга учмасликни сўради

Сақлаш
12:42 / 11.03.2025 25 0

Сўнги вақтда ижтимоий тармоқларда гўёки Ўзбекистон ерлари Хитойга ўтиб кетаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Хабарда таъкидланишича, ҳатто мазкур жараёнда Ўзбекистон ҳукуматини ҳаракатсизликда ва чорасизликда ҳам айблашлар кузатилмоқда.

 

Тарқатилаётган хабарлар юзасидан Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов муносабат билдирди.

 

У сўзининг аввалида Ўзбекистонда иқтисодиёт ривожланаётгани, очиқ ва прагматик сиёсат олиб борилаётгани, мамлакатга кўплаб сармоядорлар кириб келаётганини айтар экан, бу ривожланаётган давлат учун нормал жараёнлигини таъкидлаган.

 

Ҳидоятов Ўзбекистонга фақат Хитой эмас, Германия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Саудия Арабистони, Малайзия каби давлатлардан ҳам кўплаб инвесторлар ҳамда тадбиркорлар келиб, фаолият юритаётганини эслатма сифатида келтирган. Шунингдек, у республика марказларида тарқалаётган хитойча ёзувларга бўлаётган қарашларга ҳам тўхталар экан, дунёнинг исталган мамлакатида ўзбек маҳаллаларидан тортиб, номлари ўзбек тилида ёзилган магазин ва миллий ошхоналаригача топиш мумкинлиги ҳақида гапирган.

 

«Хитой масаласига келсак, аҳоли сони бўйича дунёда етакчи, ҳатто Ғарбий Европа, Шимолий Америкада катта диаспоралар бор. Лекин ҳеч ким уларнинг хавфи борлиги тўғрисида гапирмайди. Шундай экан бу борада ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Бу худдики марказлашган ҳолда учинчи томоннинг манфаати билан бошқарилаётган манипуляцион компанияга ўхшайди. Шунинг учун юртдошларимиздан провокаторларнинг турли манипуляцияларига ишонмасликни сўраймиз», деган Бош вазир матбуот котиби.

 

Ҳидоятов Хитой Ўзбекистоннинг тарихий ва яқин ҳамкори ҳамда стратегик шериги эканлигини ҳам эслатиб ўтган.

 

«У бизнинг ҳудудий яхлитлигимиз ва суверенитетимизни ҳурмат қилади ҳамда қатъий қўллаб-қувватлайди. Ҳатто бу бўйича алоҳида шартнома ҳам имзоланган. Яъни, бундан ваҳима кўтаришга асос йўқ», деган у.

 

Бош вазир матбуот котиби хитойликларга нисбатан бўлаётган қарашларнинг асоссиз эканини ҳиндистонликлар мисолида тушунтирган. У Ўзбекистонда таҳсил олаётган талабалар орасида ҳиндистонликлар ҳам кўпчиликни ташкил қилишини (Ҳидоятов ҳозирда олти минг нафардан зиёд ҳиндистонлик айнан Ўзбекистон ОТМларида таҳсил олаётганини маълумот сифатида келтирган), лекин бу дегани Ўзбекистонни ҳиндлар эгаллаб олади, дегани эмаслиги урғулаган.

 

«Қайтараман, Ўзбекистон аввалгидек ёпиқ давлат эмас. Одамлардан бироз тоқатли бўлишни, турли хил ёлғон ёки провокацион ахборотларга учмасликни сўраймиз», дея сўзларини якунлаган Бекзод Ҳидоятов.

 

Олдинроқ Кадастр агентлиги «Ўзбекистон ерлари чет элликларга бериб юборилаётгани ёки сотилаётгани» мазмунидаги хабарларга муносабат билдирган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Жамият

08:27 / 12.03.2025 0 9
Тошкентда зилзила қайд этилди

//