Бухоронинг икки туманида “Маънавият маскани” очилди

Сақлаш
02:39 / 31.12.2021 1846 0

Янги йил арафасида Бухоро вилояти Жондор туманида замонавий ва барча қулайликларга эга “Маънавият маскани” биноси фойдаланишга топширилди. Маҳмуд Торобий номидаги ҳарбий-ватанпарварлик боғи ҳудудидаги муҳташам бинода Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, мажлислар зали ҳамда замонавий жиҳозланган кутубхона жойлашган.

 

 

Масканнинг очилиш маросимида Жондор туман ҳокими С.Ҳикматов, Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ж.Ширинов, Республика Манавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари М.Пардаева, сектор раҳбарлари, маънавият тарғиботчилари, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этдилар.

 

Маскандаги яна бир эътиборга молик жиҳат шуки, зал бўйлаб мумтоз мусиқалар, ўзбек адабиёти намуналари эшиттириб турилади. Эндиликда мазкур аудиофайлларни ҳарбий-ватанпарварлик боғига ҳам йўналтириш кўзда тутилган.

 

 

– Бундай қулайлик бизга куч ва илҳом бағишлайди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Лола Эргашева. – Яқин истиқболда миллий қадриятларимизни янада ривожлантириш мақсадида ижтимоий тармоқлар имкониятларидан фойдаланган ҳолда “Маънавиятга йўл” рукнларни ташкил этиш, ёшларнинг адабиёт ва санъатга қизиқишларини янада ошириш мақсадида “Адабиёт оламига саёҳат” каби турли лойиҳалар, дастурлар ва танловларни ўтказишни мақсад қилганмиз.

 

Шунингдек, Қоровулбозор туманида ҳам “Маънавият маскани” ишга туширилди. Очилиш маросимида туман ҳокими Акмал Остонов, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Марҳабо Пардаева сўзга чиқиб, ушбу маскан туманда маънавиятнинг ўрни ва нуфузини оширишга хизмат қилиши тўғрисида гапириб ўтди.

 

 

Тадбир давомида тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари, “Баркамол авлод болалар мактаби” ижодкор ёшлари томонидан қилинган ишлар ва ҳарбий қисмларнинг қурол-яроқлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//