Ўзбекистонда ўқувчилар Япония тажрибаси асосида энергия тежашга ўргатилади

Сақлаш
17:44 / 20.02.2025 16 0

 

Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларига энергия сарфи саводхонлиги асослари ўргатилади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни энергия самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

 

Хусусан, йирик саноат корхоналарида бир маҳсулот бирлиги ишлаб чиқаришга кетадиган энергия меъёрини белгилаш кўзда тутилмоқда. Мактаблар, болалар боғчалари ва бошқа ижтимоий объектларга қуёш батареялари ва сув гелиоколлекторларни ўрнатиш, эшик ва деразаларни янгилаш режалаштирилмоқда.

 

ММТВ раҳбари Ҳилола Умарова ҳар бир мактаб ва боғча электр энергияни тежаши зарурлигини таъкидлади.

 

«Бу ҳар бир мактаб директори, ўқитувчи ва ўқувчилар, аҳоли учун жуда муҳим. Вазирлик Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда ўқувчилар орасида энергия сарфи саводхонлиги бўйича аниқ дастурлар тайёрлаган. Бунда ҳар бир ўқувчи ёш даврлариданоқ энергия ресусрларимиз ва уларни тежаш қанчалик муҳимлигини ўргатиш вазифалари юклатилган» — деди у.

 

Вазирнинг сўзларига кўра, буклетларда электр энергияси, газ ва ичимлик сувини тежашнинг оддий мисоллари келтирилган.

 

Унинг маълум қилишича, 2025 йил учун ушбу йўналиш бўйича масъуллар белгилаб олинган. «Мактаблардаги „Тарбия«, „География«, „Физика« фанларида ҳам табиий ресурсларимизни қанчалик тежашимиз муҳимлиги мужассам эттирилган», — деди Умарова.

 

Тақдимот чоғида президентга Япония тажрибаси асосида истеъмолчиларни энергия тежаш саводхонлиги бўйича ўқитиш режалари тақдим этилди. Мактаблар учун буклетлар ҳам Япония тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

 

Япония энергия тежаш соҳасида бой тажрибага эга. 2011 йилда «Фукусима» АЭСда юз берган ҳалокатдан сўнг бутун мамлакатни қамраб олган «Сетсуден» номли ҳаракат вужудга келган. Ўша пайтда ҳукумат текширув ўтказиш мақсадида ўнлаб атом электр станцияларини вақтинча ёпган. Шундан сўнг, йирик компаниялар, кичик бизнес ва хонадонлар учун маъмурий тартибда электр таъминотини чеклашга тўғри келган.

 

Ўша йили электр энергияси сарфини камайтириш учун турли усуллар синовдан ўтказилган. Масалан, метро бекатлари ва вокзалларда айрим эскалаторлар ўчирилган, офис бинолари ва ҳатто осмонўпар иморатларда айрим лифтлар тўхтатилган. Шу билан бирга, одамлар бир қаватга пиёда кўтарилиш ёки икки қават пастга тушишни одатий ҳол сифатида қабул қилишга чорланган. Ҳамма жойда ортиқча ёруғлик ўчирилган. Японларнинг кондиционерли хоналардаги ҳароратни камида икки даражага оширишга рози бўлиши муҳим аҳамият касб этган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//