Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги геостратегик аҳамияти, истиқболдаги трансминтақавий ҳамкорлик муҳокама этилди

Сақлаш
17:50 / 18.08.2021 1018 0

 

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати ташаббуси билан “Тошкент конференцияси” якунларига бағишланган “Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги: пойдевори, истиқболлари, геостратегик аҳамияти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

 “Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги: пойдевори, истиқболлари, геостратегик аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” номли Тошкент конференциясида кўтарилган мақсад ва вазифаларнинг келгусидаги ижросини ҳам назарда тутади. Конференция ишида ЖИДУ профессор-ўқитувчилар таркиби, Марказий ва Жанубий Осиё, АҚШ, ЕИ, Россия ҳамда Япония илмий-таҳлилий марказлари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва вилоятлардан парламент вакиллари фаол иштирок этишди.

Конференциядан мақсад Тошкент конференциясининг мазмун-моҳиятини, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг форумда сўзлаган нутқининг қоида ва хулосаларини чет эл ва мамлакатимиз экспертлари ҳамда кенг илмий жамоатчилигига етказиш, Марказий ва Жанубий Осиё макроминтақаси ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш назарияси ва амалиёти ҳамда икки минтақа ўртасида яқин ҳамкорликни тиклашнинг геостратегик аҳамияти хусусида фикр алмашиш, трансминтақавий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва миллий қонунчиликни уйғунлаштириш кабилар экани тадбирда алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Конференция иштирокчилари Барқарор ривожланиш мақсадлари учун Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг трансминтақавий боғлиқлиги ва транспорт-логистика инфратузилмасини модернизация қилиш, Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидаги хавфсизлик мажбуриятлари: озиқ-овқат, энергетика ва сув ресурлари ҳамда Рақамли транформация – янги воқелик, минтақавий ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболлари йўналишида ўз маърузалари билан қатнашишди.

Анжуманда маҳаллий экспертлардан ташқари Афғонистон, АҚШ, Бельгия, Германия, Испания, Қозоғистон, Россия, Малайзия, Озарбайжон, Сингапур, Япония  каби дунёнинг 18 давлатидан мутахассислар иштирок этишди. “Марказий ва Жанубий Осиё муносабатлари: умумий ўтмишдан фаровон кeлажакка” шиори остида ташкил этилган тадбир сўнггида маҳаллий ва хорижий экспертлар маърузалари бўйича иштирокчилар ўртасида мунозара ва фикр алмашувлар бўлиб ўтди. Илмий соҳа вакиллари учрашуви соҳадаги тадқиқотлар ва янги илмий изланишларнинг янги йўлларини белгилаб беришга хизмат қилади.

Давра столи қатнашчилари томонидан Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш фақатгина трансминтақавий эмас, балки муҳокама қилинадиган муаммоларнинг долзарблиги ва уларни ечишга йўналганлиги билан глобал аҳамиятга эгалиги ҳам таъкидланди. Тошкентда ташкил этилган минтақа мамлакатларининг янгича мулоқот формати ва ҳамкорлиги минтақавий боғлиқлиқ ва хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш ва илмий изланишлар олиб бориш учун ўзига хос тузилмага айланди. Конференция иштирокчилари регионал ҳамкорликни ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институти базасида таркибида турли давлатлар олим ва тадқиқотчилари бўлган ва доимий фаолият юритувчи пулни (pool) ташкил этиш бўйича ташаббусини алоҳида эътироф этишди.

Халқаро конференция давомида тайёрланган маълумот ва маърузалар махсус тўпламда чоп этилиб, кенг жамоатчилик ташкилотлари ва қизиқувчиларга тақдим этилади.

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//