Сурхондарёда ўрта палеолит даврига оид янги ёдгорлик аниқланди

Сақлаш
15:34 / 30.12.2021 1039 0

Ўзбекистоннинг жанубида ўрта палеолит даврига оид янги ёдгорлик аниқланди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси маълум қилди.

 

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари т.ф.д., профессор Р.Сулейманов бошчилигида Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида археологик дала тадқиқотлари олиб борилган. Тадқиқотлар натижасида Кўҳитангтоғ тизмаси ҳудудидан палеолит даврига оид ёдгорлик аниқланган.

 

Кўҳитанг тоғининг ички қисмида кўплаб тор даралар бўлиб, уларда геологик жараёнлар натижасида кўплаб ғор ва унгурлар шаклланган. Уларнинг биридан қадимги даврда ибтидоий одам аждодлари мавсумий бошпана сифатида фойдаланган. Қазув ишлари натижасида ёдгорлик битта маданий қатламдан иборат эканлиги аниқланди. Маданий қатлам кул ва куйинди қолдиқлари билан қопланган қорамтир, майда тарқоқ тупроқдан таркиб топган бўлиб, унда ҳам кўплаб тош буюмлар ва ёввойи ҳайвон суяк қолдиқлари топилди.

 

«Ушбу ёдгорлик ҳудудда илгари топиб ўрганилган Тешик-тош ёдгорлигига хронологик ва маданий жиҳатдан ўхшашлиги билан аҳамиятлидир. Ёдгорликдан топилган тош буюмлар ўрта палеолит даврига тегишли бўлиб, тошга ишлов бериш техникаси ва тош буюмлар маданий жиҳатдан айнан Тешик-тош ёдгорлиги анъаналарини такрорлайди.

 

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари мазкур ёдгорликда тадқиқот ишларини давом эттиришни режалаштирмоқда», дейилади хабарда.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//