Илм-фан
Олимлар томонидан ўтказилган қизиқарли тадқиқот интернетда яхшигина шов-шувларга сабаб бўлди.
Гап шундаки, тадқиқотчилар инсонлар ва чумолиларнинг жамоавий ишлаш даражасини текшириш учун қизиқарли тажриба қилиб кўрди.
Бундан кўзланган мақсад одамлар ва чумолиларнинг муаммони гуруҳ бўлиб ҳал қилишга қандай ёндашишларини солиштириш эди.
Тадқиқотда иккала тур ҳам бир хил лабиринтда оғир нарсани олиб ўтиши керак эди. Аммо уларнинг ҳаракат сабаби бир-биридан фарқ қилган, яъни одамлар Т шаклидаги юкни тўсиқлар ичидан олиб ўтишни ўйин, чумолилар эса Т шаклидаги объектни инга олиб борилиши зарур бўлган озиқ деб тушунган.
Албатта, бу ерда адолат бўлиши учун мутахассислар ҳамма нарсани ҳисобга олган. Масалан, одамларга бу пайтда оғзаки мулоқот, имо-ишора қилиш тақиқланган. Улар ниқоб ва кўзойнак тақишган. Чунки бу ерда индивидуал фаолият чекланган бўлиши керак эди.
Ҳаракатланиш гуруҳи 3 та бўлакни ўз ичига олган: битта бошқарувчи, кичик гуруҳ ва катта гуруҳ.
Тадқиқот якунида маълум бўлишича, чумолилар жамоавий ҳаракатланишда одамлардан устун туради. Тўғри, якка тартибда бўлса, инсон чумолидан ақллироқ, чунки унинг режалаштириш ва ақл билан иш юритиш қобилияти чумолининг инстинкт ва тажрибага таянадиган усулидан анча самарали. Бироқ бу нарса жамоавийликда аҳамият касб этмайди. Гуруҳ бўлиб ишланганда устунлик инсондан чумолига ўтади.
Таҳлилларга кўра, чумолилар юкни кўтариш вақтида қийинчиликсиз мувофиқлашган. Такрорий хатоларга йўл қўймаган ва биргаликда объектни тўғри йўналишга олиб борган. Чумолилар ҳаракатланиш давомида фойдали стратегиялардан фойдаланган. Бу жамоавий куч дейилади.
Одамлар эса тадқиқот баҳонасида чумолилар билан курашиб кўрди. Аммо алоқа қилиш чекланганлиги сабабли уларнинг ишлаши сезиларли даражада пасайиб кетди. Улар дастлаб самарали бўлиб туюлган, аммо узоқ муддат натижа бермаган қисқа муддатли қарорлар қабул қилди. Гуруҳ гарчи тўсиқдан ўтиб олган бўлсада, якунда чумолилардан кўп ҳаракат қилингани маълум бўлди.
Хўш, инсон каби оғзаки мулоқот қилиш имконияти бўлмаган чумолилар қандай қилиб тажрибада одамлардан устун келди? Аниқланишича, чумолиларнинг муваффақияти уларда ноёб ижтимоий тузилиш борлигидадир. Яъни, чумолилар колонияси ягона бирлик сифатида ишлай олади. Ҳар бир аъзо умумий мақсад сари фидокорона меҳнат қилади. Бундай инстинктив ҳамкорлик эса чумолиларга ҳатто мураккаб вазиятларда ҳам тез, ягона қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Одамларда эса, аксинча, гуруҳ бўлиб ишлашда рақобат биринчи ўринга чиқади. Кўпчилик жамоа бўлиб ишлашда ўзининг шахсий фикрини устун қўяди, оқибатда фикрлар бирикмайди. Худди тажрибада бўлгани каби бошқа пайтда ҳам одамларнинг жамоавий фаолияти можаролар ёки самарасиз қарор қабул қилиш билан кечади.
Ҳа, инсон ўзи учун манфаатли қарорларни қабул қилишга мойил. Бу эса, афсуски, жамоавий ишда самара бермайди.
Тажрибадан шундай хулоса қилиндики, одам боласи индивидуал муаммоларни ҳал қилишда зўр бўлсада, қарама-қарши мақсадлар ва мувофиқлаштиришнинг этишмаслиги уларнинг самарали ҳамкорлик қилиш қобилиятига тўсқинлик қилади.
Чумолиларда бўлса бирлик ва умумий мақсаднинг кучи мавжуд. Шу туфайли улар жамоа бўлиб ақлбовар қилмас вазифаларни уддалай олади.
Сиёсат
Илм-фан
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ