Ёшлар қанча ойлик олишни хоҳлайди?

Сақлаш
16:57 / 22.01.2025 11 0

«Юксалиш» ҳаракати ёшлар ўртасида сўров ўтказди. Бундан мақсад бўлажак касби бўйича респондентлар фикрини аниқлаш, шунингдек, уларнинг нуқтаи назарига кўра, қайси мутахассисликлар долзарб ва истиқболли эканлигини билишдан иборатдир.

 

Тадқиқот пойтахт ва марказий шаҳарларда яшовчи 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида онлайн сўров усулида ўтказилиб, унда 1843 киши иштирок этган.

 

Иштирокчиларнинг ҳудудлар бўйича тақсимоти қуйида келтирилган:

 

 

13 та саволдан иборат анкетани тўлдиришга умумий ҳисобда тахминан 10 дақиқа вақт кетган. Бу маълумот сифатини туширмасдан, респондентларга сўровномани тез ва ортиқча қийинчиликларсиз тўлдириш имконини берган.

 

Саволлар мазмуни ёшлар ҳаётининг турли жиҳатларини қамраб олган. Хусусан, уларнинг таълимга бўлган қарашлари, касбий интилишлари, қадриятлари, шунингдек, ишга жойлашиш ва карьера ўсишига бўлган муносабатларини акс эттирган.

 

Маълумотга кўра, кўпчилик (89,4 фоиз) ўз ихтиёрига кўра танланган мутахассислик бўйича таълим олаётганини айтган. Қатнашчиларнинг 7,2 фоизи эса бунинг аксини маълум қилган. 3,4 фоизи эса бошқа сабабларни кўрсатган.

 

Иштирокчиларнинг деярли 55 фоизи ўз мутахассислигини болаликдаги орзуси туфайли танлаганини айтган. Танловга ота-оналари ва оила аъзоларининг тавсияси бўйича ўқишга кирганлар эса — 17,3 фоиз.

 

Респондентларнинг жами 11,5 фоизи ўз касбини юқори маош ва карьера қилиши мумкинлиги сабаб, 5 фоизи рақобатнинг камлиги учун танлаганини билдирган. Яна 6,6 фоизи бўлса бошқа сабабларни кўрсатган.

 

Таҳлилга кўра, ёшлар истиқболли кўринган йўналишлар орасида ўз бизнесига эга бўлишни биринчи ўринга қўяди (38,6 фоиз). Шунингдек, 35,7 фоиз респондент давлат хизматида ўзининг истиқболини кўради. Ёшларнинг 6,9 фоизи эса меҳнат миграциясини, яна 7,4 фоизи хусусий секторда ишлашни ўзи учун истиқболли йўл деб билади.

 

Умумий респондентлар сонининг 6,8 фоизи ўз келажагини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан боғлайди. 4,6 фоизи ўзини ИТ-мутахассис, шунингдек, психолог сифатида кўради (бу бандлар респондентлар томонидан мустақил равишда таклиф қилинган).

 

Ўзбекистонда ишлашга иштирокчиларнинг 73,8 фоизи ижобий муносабат билдирган. 19 фоизи эса бу борада мамлакат имкониятларини кенгайтириш лозим деб ҳисоблайди. 7,2 фоиз ёш бошқа сабабларни кўрсатишган.

 

Қизиғи, умумий респондентларнинг 24,9 фоизи чет элда ишлашни режалаштираётганини маълум қилган. Улардан нега ишлаш учун хорижни танлаётгани сўралганда, у ерда юқори маош тўланиши ва ривожланиш учун шароит борлигини сабаб сифатида келтирган.

 

Маош масаласига бўлган қараш ҳам тадқиқот жараёнида ўрганилган. Ҳисоботда ёзилишича, ёшларнинг ярмига яқини (49 фоизи) ҳар томонлама қулай ҳаёт учун оптимал даромад миқдори 10 миллион сўм ва ундан кўп бўлиши керак деб ҳисоблайди. 31,9 фоиз бўлса 8 миллиондан 10 миллионгача, 15,8 фоизи 4 миллиондан 7 миллионгача ойлик маошни маъқул деб билишини айтган. Респондентларнинг қолган 3,3 фоизи бошқа миқдорларни келтирган.

 

Тадқиқотнинг якуний қисми мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун қилиниши керак бўлган зарур ислоҳотларга бағишланган.

 

Респондентларнинг фикрига кўра, мамлакат ривожи учун энг муҳим масала бу иш ўринлари яратилишидир (56,5 фоиз). Иккинчи ўринда, коррупцияга қарши курашиш (43,4 фоиз), шунингдек, бюджет маблағлари назорати (30,1 фоиз) ва таълимнинг очиқлиги (30,7 фоиз). Бундан ташқари, 20,7 фоизга яқин респондент рақамлаштириш ва янги технологияларни жорий қилиш муҳимлигини таъкидлаган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//