Япониялик нафақахўрлар ўз ихтиёрига кўра қамалмоқда

Сақлаш
17:01 / 20.01.2025 7 0

Ёши ўтиб, куч қувватдан қолган японлар ўз ихтиёри билан қамоққа тушишни бошлади. Улар шу йўл билан ёлғизлик ва қашшоқликдан қутулишга ҳаракат қилмоқда.

 

Хабарда ёзилишича, ёши улуғ япон аёллари ёлғизлик муаммосидан азият чеккани учун панжара ортида яшашни маъқул кўради. Улар ўзларини муносиб ҳаёт билан таъминлай олмагани учун ҳам ўз хоҳиши билан шу йўлни танлайди. Эндиликда кексалар ҳатто бутун умр қамоқхонада яшаши учун ойига 20-30 минг ен беришга ҳам тайёрлигини айтмоқда.

 

Айни пайтда мамлакатдаги маҳбуслар сақланадиган жойлар кексалар билан тўлиб-тошган. Муассаса ходимларининг айтишича, бу аёллар озодлик чоғида ёлғизлик ва қашшоқликдан азият чеккан. Қамоқ улар учун омон қолишнинг ягона йўли ҳисобланади. Чунки улар бу ерда мунтазам овқат билан таъминланади. Тиббий кўрикдан ўтказилади. Уларга хизмат кўрсатилади. Ўзлари эса мулоқот қиладиган одамлар ичида бўлади. Шу сабабли ҳам уларга бундай яшаш ёқади. Қамоқхонага шундай тушишнинг иложини тополмаганлар майда жиноятларга қўл урушдан ҳам таб тортмайди.

 

Масалан, яқинда озиқ-овқат ўғирлаш айби билан қамоққа олинган 81 ёшли кампирдан турмуш шароити ҳақида сўралганида, у ҳаётидан мамнунлигини билдирган. Унинг ҳаёти панжара ортида ҳақиқатан барқарор бўлиб қолган. Кампирнинг ўзи эса ҳатто ходимларнинг ишидан мамнун эканлигини таъкидлаган ва камерадошларини «яхши одамлар» деб атаган.

 

CNN маълумотларига кўра, ҳозирги даврда 65 ёшдан ошган японияликларнинг тахминан 20 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди. Қамоқхоналардан бирида қоровул бўлиб ишлайдиган Такаёши Ширанаганинг маълум қилишича, кўпчилик музлаб қолмаслик ёки очликдан ўлмаслик, шунингдек, бепул тиббий ёрдам олиш учун қамоқхонага боради. Қамалган кекса японлар эса имкон қадар қамоқда қолишга ҳаракат қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//