Яна бир ҳуқуқбузарлик бўйича хабар берганлар рағбатлантирилади

Сақлаш
12:17 / 06.05.2026 9 0

“Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

 

Қарорга кўра, 2026-йил 1-августдан хавфли ишлаб чиқариш объектлари ва техник қурилмаларидан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарларни Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига фото ёки видеоматериаллар кўринишида тақдим қилиш ҳамда тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби жорий этилади.

 

Таъкидланишича, тақдим этиладиган фото ёки видеоматериалларда қуйидагилар аниқ акс этган бўлиши лозим:

 

– саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик моҳияти;

– ҳуқуқбузарлик содир этилган манзил (геолокация), сана ва вақт.

 

Ахборот тизими орқали келиб тушган материаллар ҳамда “Э-маъмурий иш” учун зарур маълумотлар тўплами Қўмитанинг ҳудудий бошқармаси (бўлими) масъул ходими томонидан 3 иш куни мобайнида жойига чиққан ҳолда кўриб чиқилади.

 

Шунингдек, масъул ходим қонунчиликка мувофиқ маъмурий иш қўзғатади, далилларни расмийлаштиради ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларига биноан қарор қабул қилади.

 

Фото ва видеоматериал тақдим этган шахс ҳуқуқбузарлик бўйича ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//