Тошкентдаги “Бродвей” ва унинг атрофидаги ҳудудлар реконструкция қилинади

Сақлаш
11:53 / 06.05.2026 7 0

Тошкент шаҳри ҳокимлиги пиёдалар инфратузилмаси ва сайр қилиш ҳудудларини яхшилашга, шунингдек, хавфсиз ва инклюзив жамоат жойларини яратишга эътибор қаратган ҳолда шаҳарнинг марказий қисмини комплекс ривожлантириш режаларини эълон қилди.

 

Қайд этилишича, лойиҳа “Бродвей” номи билан танилган Сайилгоҳ кўчаси ҳудуди, унга туташ хиёбон, яшил зоналар ва пиёдалар ўтиш йўлакларини қамраб олиши керак. Шунингдек, шаҳар инфратузилмаси унсурлари — ёритиш, суғориш ва хавфсизлик тизимлари ҳам янгиланиши режалаштирилмоқда.

 

Лойиҳа Ягона дизайн код ва ҳудудни комплекс ривожлантириш тамойилларига асосланиб, тайёргарлик жараёнида аҳоли ва профессионал ҳамжамият таклифлари ўрганиб чиқилади.

 

“Ҳудуд очиқ шаҳар муҳити хусусиятини сақлаб қолади. Кўча рассомлари ва ижодий жамоатчилик вакиллари ушбу маконнинг бир қисми бўлиб қолаверади. Лойиҳанинг вазифаси жонли шаҳар фаоллигини йўқотиш эмас, балки уни тартибга солиш, муҳитни қулай, ҳаммабоп ва хавфсиз қилишдир”, дейилади ҳокимият хабарида.

 

Лойиҳа доирасида қуйидагилар кўзда тутилган:

 

– йўл ва пиёдалар йўлаклари қопламасини янгилаш;

– пиёдалар йўналишлари ва ўтиш йўлларини яхшилаш;

– тўсиқсиз муҳит яратиш;

– “Бродвей”, хиёбон ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш;

– ёритиш тизимини модернизация қилиш;

– кўкаламзорлаштириш ва ирригация тизимини ривожлантириш;

– ўриндиқлар, чиқинди қутилари, ёритиш ускуналари ва бошқа кичик меъморий шаклларни ўрнатиш;

– фаввораларни реконструкция қилиш;

– пешлавҳа ва рекламаларни Ягона дизайн-код талабларига мувофиқ тартибга солиш;

– ноқонуний ва тартибсиз қурилмаларни демонтаж қилиш;

– савдо фаолиятини белгиланган меъёрларга мослаштириш;

– жамоат жойларида видеокузатув ва мониторинг тизимларини жорий этиш.

 

Шунингдек, ҳудуддаги мавжуд дарахтлар текширувдан ўтказилмоқда ва тегишли мутахассислар назоратида турибди. Шунингдек, камида 1000 туп янги дарахт, бута ва манзарали ўсимликлар экиш режалаштирилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//