Ўзбекистонга йирик крипто-биржалардан бири кириб келмоқда

Сақлаш
15:10 / 17.01.2025 21 0

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва дунёнинг энг йирик крипто-биржаларидан бири – Binance келишувга эришди.

 

Хабарга кўра, Binance крипто-биржаси мамлакатда ўз фаолиятини қонунчилик билан белгиланган тартибда маҳаллий «CoinPay» МЧЖ орқали амалга оширишни режалаштирмоқда.

 

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси резидентларига (фойдаланувчиларига) Binance платформасига «CoinPAY» МЧЖнинг тегишли ресурслари орқали киришига имконият берилади. Шу билан бирга, фойдаланувчилар ўз маблағларини банк карталари ва миллий тўлов тизимлари орқали миллий валютада киритиш ҳамда чиқариш имкониятига эга бўлади.

 

Тизимни ишга тушириш, ҳамкорлар платформаларининг барча модуллари, жумладан, миллий тўлов тизимлари билан интеграциялашганидан сўнг амалга ошириш режа қилинган.

 

Тизимнинг ишга туширилиши ҳақида эса ҳамкорларнинг расмий ресурсларида қўшимча равишда эълон қилинади.

 

Маълумот учун, 2024 йилнинг январь ойида Агентлик томонидан Binance крипто-биржасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, хусусан, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлиги учун жарима қўллаш ҳақидаги қарор қабул қилинган эди. Шундан сўнг, тегишли даъво аризаси Тошкент шаҳар иқтисодиёт судига юборилган.

 

2024 йилнинг 26 мартидан 7 июнига қадар жавобгар (Binance крипто-биржаси) вакили иштирокида давом этган суд жараёнлари якунига кўра, суд Агентликнинг аризасини тўлиқ қондириш ҳамда крипто-биржадан 300 базавий ҳисоблаш миқдорига тенг бўлган жаримани Ўзбекистон Республикаси буджетига белгиланган тартибда ундириш ҳақида қарор қабул қилган.

 

Якунда Binance крипто-биржаси суднинг барча талабларини бажарган ҳамда жаримани қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат бюджетига тўлиқ тўлаган.

 

Олдинроқ Ўзбекистонда онлайн қиморга муккасидан кетганларнинг рўйхати тузилиши ҳақида хабар қилинган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//